Диққат янги рукн: Устоз дуоси
Сайтимизда ташкил этилган “Устоз дуоси” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришган ватандошларимиз ҳаёт йўллари ёдга олинади.
Асло узилмайди сиздан бу кўнгил...
Абдулла Орипов деганда кўз ўнгимизда самимий ва соддадил зиёли инсон, шеърият майдонида ўз сўзини айта олган буюк қалб соҳиби гавдаланади. Устозлар байрами арафасида ўзини қаҳрамон шоиримиз шогирди билган, у киши билан кўп адабий суҳбатларда бирга бўлган ижодкорларимизнинг хотираларини эълон қилаяпмиз.
Ҳаким САТТОРИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
журналист:
Муҳташам зот васфи...
Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ҳаётига қизиқиш гўдаклигимдан уйғонган. Бунга қишлоғимиз Тошқўрғоннинг кун чиқиш томонидаги ғор сабаб бўлган.
Ўтган асрнинг 90-йилларида ижтимоий ҳаётда рўй берган эркинликдан фойдаланиб “Амир Темур ўтган йўллар бўйлаб” ёшлар юриши ташкил қилинди. Унга туртки бўлган илк мақолани ёздим, сафар лаҳзаларини газеталарда акс эттирдим. Бу саъй-ҳаракатларимни қадрдон акамиз, шоир Нормурод Нарзуллаев кузатиб юрар экан, табиатан ҳаммага яхшилик қилишга мойил бўлган устоз бир куни ёзганларимни китоб ҳолида нашр этиш таклифини билдирди. Мақола чиқариш ҳам тоғ ошишдек қийин бўлган шароитда китоб ҳақида ўйлаш хаёлга ҳам келмас эди, истиҳоламни шоирга айтсам, “Бу ёғини менга қўйиб бераверинг. Сиз қўлёзмаларингизни тартибга солиб, китоб ҳолига келтиринг“ деди. Бу босқичдан ўтилгач, Нормурод ака ишонч билан шундай деди: “Фан“ нашриёти директори Наримон Тожиевични эшитгансизми? Жуда ёшларга хайрихоҳ одам. Илтимос қилсак, йўқ демайди“. Яна қўшиб қўйдилар: “Абдуллажондан икки оғиз сўзбоши олганимизда, ишимиз тез битар эди-да“. Менинг лол бўлиб турганини кўргач, шоир ўзига хос ғайрат билан давом этди: “Бу ишни ҳам акангизга топширасиз. Шоир Нарзий – анча бор қарзи! Амир Темур бобомиздан набираларининг қарзи кўп. Сизлар шунча иш қилдингизлар, биз ҳам четда турмайлик“.
Абдулла Орипов истиқлол руҳидан илҳоми тўлишиб, авж пардада ижод қилаётган пайтлар эди, бундай юмушга бош қўшишига, рости, ишонмасдим. Бир “ош”дан сўнг Нормурод ака мени чорлаб, Абдулла акага шунақа муомала қилдики, машҳур шоирнинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмади. Йўлда келар эканмиз “Қолаверса, мен ҳам бир шеърни тугатдим. Уни китобнинг охирига қўясиз. Шундай қилиб, икки акангизнинг қўлтиқлаши билан парвоз қилиб кетасиз” деди Нормурод ака. Ўшанда Нормурод аканинг гапига фаришталар омин, деган эканми, 1994 йилда “Хотира карвони” китоби “Фан” нашриётидан Абдулла Ориповнинг “Буюк тўлқиннинг бир мавжи” сарлавҳали сўзбошиси ва охирида Нормурод Нарзуллаевнинг “Амир Темур ҳақида қўшиқ” шеъри билан 30 минг нусхада босилди.
Ўшанда шоир акаларимиз (уларнинг охиратлари обод бўлсин) кўрсатган илтифот оддий воқелик бўлиб туюлган эди, бугун ўйлаб қарасам, бундай эътиборлар жуда катта саховат, буюк меҳр самараси экан. Азбаройи катта йўл бўйида бўғини қалтираб турган кишига кўрсатилган бундай эътибор учун бир умр улардан қарздорлик туйғуси қалбни тарк этмайди ва устозлар удумига содиқ қолиш мажбурияти елкада туради.
Халқимизда “Туя элакка оқсабди” деган пурмаъно гап бор. Буни, одатда, қирқига чидаб, қирқ бирига чидамаган, эринчоқ кишиларга нисбатан ишлатишади. Лекин масаланинг иккинчи томони – оғир юк остида эзилиб келаётган туяни бир элакнинг оғирлиги ҳам тиз чўктириши мумкин. Шунга мос равишда “Ҳа, деган туяга мадад“ деган мақол ҳам бор. Зарур пайтда “Ҳа“ деб юбориш, айниқса, қалам аҳлига жуда асқотади-да.
“Ҳазрат Соҳибқирон” китобимнинг нашр этилишида ана шундай ҳимматга гувоҳ бўлдим. Қўлёзма тайёр бўлиб, навбат нашриётга келганда, бир мулоҳаза ўйлантириб қўйди: “Гарчи йўллар очилган бўлса ҳам, Амир Темур мавзусини ҳамма равон қабул қилавермаслиги бор гап. Қолаверса, қўлёзма йиллаб чанг босиб ётиши мумкин. Яна Аблулла акага мурожаат қилсам, қандай бўларкан?” Бу пайтда атоқли шоир юксак эътиборда, ўзи ҳам мазкур мавзуда тўлиқиб ижод қилаётган эди. Рости, менинг бундан бошқа чорам йўқ эди, ахир камтар бир журналистни ким ҳам танийди? Бу нарса – таниш-танимаслик эса катта кучга эга. Истиҳола билан Ёзувчилар уюшмасига бордим. Раис оғринмай қабул қилди, ҳатто саъй-ҳаракатларимдан хабари борлигини, матбуотни муттасил кузатиб боришини маълум қилди. Очиқ кўнгиллик билан “Сени менга бир “пияниста бола“ деб таништиришувди. Ҳаракатларинг ёмон эмас. Гапнинг дангали, бу мавзуда етарлича асарлар яратилмаяпти, кўп ёзишимиз керак” деди. Фурсатдан фойдаланиб, муддаога ўтдим. “Буюк бобомиз таржимаи ҳолларига доир ёзганларимни китоб қилиб тайёрлаган эдим. Шунга сўзбоши ёзиб берсангиз...“. Шоир ўйланиб қолди, нималарнидир мулоҳаза қилди чоғи, кейин “Бирор нарса қоралаб кел, сўнг кўрамиз“ деди.
Хурсанд бўлиб чиқдим-да, фикрларимни қолипга солиб, ўзимча сўзбоши ёздим. Бир кун ўтиб бордим. “Ўқи“ деди. Қироат тугагач, қониқмаган оҳангда: “Бу ҳолда ҳам бўлади-ю, аммо бошқачароқ бўлгани дуруст эди. Мана бу – мана бу нарсаларга эътибор берсанг, яхши бўларди“ деди. Мен шошиб, ҳар бир сўзни қоғозга туширишга ҳаракат қилардим. Шоир тўхтаб, менга қараб қолди ва аҳволимга раҳми келдими, “Ўзи, айтиб турсам, ёзиб олсанг ҳам бўлардику-я“ деди. Мен ҳушёр тортиб, ҳам мамнун бўлиб, “Агар имкони бўлса...“ дедим. Бир сафар журнал топшириғи билан борганимда шоир Машраб ҳақида “Кимсасиз шоирлар пири“ деган мақолани айтиб туриб ёздирган эди. Бир оз тайёрландилар-да, бошлади.
Шундай қилиб, “Муҳташам зот васфи“ сарлавҳали сўзбоши ёзилди. “Муҳташам“ сўзига изоҳ бериб, “Тарихимизда “аҳли ҳашам”, “аҳли ҳарам” деган тушунчалар бўлган. Аҳли ҳашам – сарой аҳли, аҳли ҳарам эса уларга хизмат қиладиганлар“ деди.
Сўзбошини қўлёзманинг устига қўйиб, нашриётга топширдим, у бир қанча чиғириқлардан ўтиб, 2005 йилда китоб бўлиб чиқди.
Камтар ҳаётимизда устозлар, маънавий акаларимизнинг ибрати хира кунларни ёритади, ҳаётда ҳиммат, илтифот, марҳамат тушунчалари, энг асосийси – яхши одамлар борлигини эслатиб, бардам бўлишга чорлайди.
Алишер НАЗАР,
шоир:
Бир чақмоқ қанд ёхуд улуғлар дуоси
Авлиёлар султони ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг Муҳаммад Порсо исмли бир шогирди зуҳду тақвода беназир бўлган. Шу зот ҳажга кетаётганида Нишопур яқинидаги Жом шаҳрида бир кишиникида меҳмон бўлади. Муҳаммад Порсо ҳазратнинг келганини эшитган аҳли илм борки, зиёратга шошилади. Ўша зиёратчиларнинг ичида эндигина 5 ёшга тўлган Абдураҳмон Жомий ҳам бор эди.
– Ҳазрат, шу болага бир таважжуҳ қилиб қўйсалар, – дейди Жомийнинг отаси.
Ҳазрат Муҳаммад Порсо Абдураҳмон Жомийни тиззасига ўтқазиб, қўйнидан бир чақмоққина қанд олиб беради. Абдураҳмон Жомий “Нафоҳат ул-унс ва мин ҳазарот ул-қудс” асарида ёзади: “Менинг дунёда топган маънавий бойликларимнинг асоси ўша бир чақмоқ қанддандир”.
Ҳазрат Жомийнинг шу иқрори ёдимга тушганида буюк шоиримиз Абдулла Орипов билан илк учрашувимизни эслайман.
1991 йилнинг баҳор кунлари эди. 8-синфда ўқирдик. Мактабга борсам, ҳамма синф ўқувчилари ҳовлига тўпланишган, директор қўлини пахса қилганича ниманидир тушунтираётган экан. Одатда эрталабки мажлислар кўпам хайрли бўлмасди. Қўрқа-писа ўқувчилар тўпига яқинлашдим.
Маълум бўлдики, эртага бизнинг Чироқчи туманига 50 ёшга тўлиши муносабати билан шоир Абдулла Ориповнинг шахсан ўзи келар экан. Катта мушоира ўтказилар эмиш. Йиғилишда тумандаги барча мактаб ўқувчилари қатори биз ҳам фаол қатнашиб, шоирнинг шеърларини ёддан ўқишимиз керак эди.
Шу куни мактабдаги уч юзга яқин ўқувчидан ўн тўрттаси танлаб олинди. Ўша ўн тўрттадан бири мен эдим. Менинг чекимга Абдулла аканинг “Римга нега келдинг, тунислик бола?” шеърини ёддан ўқиш тушганди.
Эҳ-ҳе, бутун қишлоқда, ҳамманинг оғзида битта гап: Абдулла Орипов келармиш, борамиз... Мен ҳамма ишни йиғиштириб шеър ёдлаш билан овора эдим.
Эртаси куни Чироқчининг Шўрқудуқ деган жойига – учрашув майдонига отландик. Шўрқудуққа бориш учун ўн чақиримча йўл босиш керак. Буёғи қишлоқчилик. Учта трактор тележкасини судраб йўлга тушди. Уч тележка лиқ тўла одам, қий-чув, ёш болали аёллар, кампирлар... Манзилга етгунимизча сайил бошланиб кетибди. Кенг сайҳонлик тўла одам. Бир томонда дорбозлар, бир томонда санъаткорлар, хуллас ҳақиқий байрам.
Ниҳоят кун яримлай деганда, Абдулла Ориповни бир гуруҳ шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ҳамроҳлигида кутиб олдик. Адабиёт, шеърият ҳақида самимий гаплар айтилди. Қизғин мушоира бошланиб, навбат менга етиб келди.
Микрофонни олиб, бироз жим турдим.
– Қани, бошла, – деди директоримиз хавотирланиб.
– Мен Абдулла Ориповнинг “Римга нега келдинг, тунислик бола?” деган шеърини ёдлаганман. Лекин шу шеърнинг ўрнига ўзимникини ўқисам бўладими, – деб юбордим. Бу журъатни қаердан олганимни ҳалиям билмайман.
Ҳамма кулиб юборди. Ўқитувчиларим “девор” бўлиб қолди. Абдулла Орипов табассум қилиб, “Ўзингнинг шеърингни ўқи!” деди. Энди айтишга ҳам уяладиган бир нарсалар ўқидим. Абдулла ака ёнимга келиб, мен билан қучоқлашиб кўришди.
– Сен Тошкентга бор, сен билан пойтахтда гаплашамиз, – деди.
Бу муҳтарам шоиримиз билан илк учрашувимиз эди.
Орадан йиллар ўтди. Маълум сабабларга кўра, Абдулла ака билан ижодий ҳамкорлигимиз бошланди. Шунгача унда-бунда кўришиб юрган бўлсак-да, ҳеч қачон самимий, дилдан суҳбатлашмаган эдик. Тўғрироғи, биз учун Абдулла Ориповга яқинлашиш мумкин бўлмаган бир ишдек туюларди. Ҳалигача Абдулла Орипов шахсияти ҳақида янглиш фикрлар жуда кўп. Шоир билан суҳбатларимиз асносида амин бўлдимки, Абдулла Орипов оламига кириш учун бу оламнинг “эшиги”ни топиш керак экан. Ўшандагина қаршингиздан боладек беғубор, соддадил, оилапарвар, оқкўнгил бир одам чиқади. Ана ўша сиз излаган Абдулла Орипов!
Бир сафар Абдулла акага ҳазрат Муҳаммад Порсо билан Абдураҳмон Жомийнинг учрашуви ҳақида гапириб бердим.
– Муҳаммад Порсо ҳам авлиё эканларда-а, – деди Абдулла ака.
– Эсингиздами, сиз билан бир замонлар Чироқчининг чўлида учрашгандик? Эллик йиллик юбилейингизда!
– Юбилей эсимда-ю, лекин сени эслай олмаяпман, – деди Абдулла ака кулиб...
– Кўрдингизми, эслай олмаяпсиз, нега эслай олмайсиз, биласизми?
– Нега?
– Ўшанда бир чақмоқ қанд бериш керак эди! Балки бугун ҳамма эслай оладиган одам бўлармидик...
Абдулла ака кулиб юборди.
– Муҳаммад Порсодек зотлар қаерда-ю, биз қаерда. Лекин дуойимиз ҳамиша ёнимизда, – деб, узоқ дуо қилди.
Ўтмиш бир воқеа сабаб устоздан қуюқ дуо олиб қолдик.
ЎзА мухбири
Дилобар МАМАТОВА
тайёрлади
* * *
Сайтимизда ташкил этилган “Устоз дуоси” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган инсонлар, давлат ва жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришган ватандошларимиз ҳаёт йўллари ёдга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклифларингиз бўлса, устозингиз ҳақида хотира ёзсангиз қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
Телеграм: @Dil_Asl
E-mail: pochta@uza.uz
Телефон: 71 233-74-79.