Депутатлик назорати самарали натижаларга асос бўлади
Жойлардаги турли муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш, фуқаролар дардига қулоқ тутиш, мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятини самарали олиб боришига ҳисса қўшиш халқ вакилларининг муҳим вазифаларидандир. Бунда улар ўзларига берилган ваколат ва имкониятлар доирасида жамоатчилик ва депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланишлари лозим. Шундагина ҳудудларда муайян натижаларга эришиш мумкин.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида депутатларнинг фаолияти, уларга берилган ваколатлар, бурч ҳамда вазифалари, қонуний ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши бўйича тадбир бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўқувда партия Марказий Кенгаш раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова бугунги кунда депутатлар олдида турган устувор вазифалар, ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда партия гуруҳларининг ролини ошириш масаласига тўхталди. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш, депутатлик назоратининг энг муҳим шакли бўлган депутат сўрови институтидан фаол фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Семинарда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши томонидан Кенгаш сўровини, маҳаллий Кенгаш депутати томонидан депутат сўровини юбориш тартиблари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар ва йўналишлар берилди.
Видеоконференцалоқа шаклида иштирок этган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ҳар бир сўровда партиявий манфаатлар акс этиши ва бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда депутатлик сўровидан тўлақонли фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Тадбир давомида билдирилган таклифлар депутатларнинг фаолиятини янада жонлантириш, ҳудудлардаги муаммолар ечимида уларнинг ташаббускорлигини ошириш ва мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини юксалтиришга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА