Депутатлар жанубда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ижросини ўрганди
Термизда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг II-III боблари ижросини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Республика Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги масъуллари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, шунингдек, тегишли давлат, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти раиси Иброҳим Ёқубов бошқариб борган йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Артиқов мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсия ёшига етган фуқароларнинг ижтимоий таъминот ҳуқуқини кафолатлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда ва бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, мазкур ҳуқуқларни амалда таъминлашда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Йиғилишда Қўмита аъзолари Адҳамбек Исмоилов ва Моҳира Хўжаева, шунингдек, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бошқарма бошлиғи Нозимжон Жўраев фуқароларни кафолатли пенсия билан таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, бу борада амалга оширилган ишлар ҳамда тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган келгуси вазифалар юзасидан фикр алмашди. Шунингдек, пенсия хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда 4 миллион 300 мингдан ортиқ фуқаро пенсия олувчи ҳисобланади. Уларни пенсия билан таъминлаш учун ҳар ой ўртача 6,8 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Ўрганиш ўтказилган Сурхондарё вилоятида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари томонидан 290 мингдан ортиқ пенсионерга хизмат кўрсатилмоқда. Шундан 234 мингга яқини ёшга доир, 35 минг 300 нафари ногиронлик, 20 минг 798 нафари эса боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олади.

Ўрганиш давомида Қонунчилик палатаси депутатлари пенсия таъминоти тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, проактив хизматларни жорий этиш, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда аҳолига қулайлик яратиш борасидаги ишлар билан танишиб, уларга ижобий баҳо берди. Таъкидланганидек, келгусида хизматларни босқичма-босқич интерактив ва проактив шаклга ўтказиш, бу орқали инсон омилини камайтириш ва ортиқча ҳужжатбозликни бартараф этиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Йиғилишда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи Худойберди Нормаматов томонидан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди.
Иштирокчилар томонидан тизимни янада такомиллаштириш, унинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Йиғилиш якунида илгари сурилган фикрлар асосида тегишли давлат органларига амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш белгиланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА