Депутатлар тиббиётдаги муаммоларни муҳокама қилишди
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги «Депутатлик жамоатчилик эшитуви» бўлиб ўтди. Унда соғлиқни сақлаш тизимида 2026 йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва ечимини кутаётган муаммолар муҳокама қилинди.
Эшитувда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш тизими фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Қайд этилганидек, профилактик чора-тадбирлар натижасида вилоятда юқумли касалликлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 104 тага камайган. Аҳолининг 98,1 фоизи профилактик тиббий кўриклардан ўтказилган. Шунингдек, тиббиёт амалиётига 18 та янги жарроҳлик амалиёти ва 21 та диагностика усули жорий қилиниб, 245 та юқори технологик операция бажарилган.
Муҳокамаларда санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, Янгиер шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати биносини капитал таъмирлаш ҳамда Мирзаобод туманида лабораториялар учун янги бино қуриш таклифлари илгари сурилди.
Якунда тиббий хизматлар сифатини ошириш, муассасаларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, профилактик ишларни кучайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири