Депутатлар сайловчилари билан учрашди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўтган ҳафта ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилари мурожаатларини тинглади, ўрганиш ишларини олиб борди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзоси Азамат Пардаев Оқдарё ва Жомбой туманларида қабул ўтказди.

Оқдарё туманидаги Президент Халқ қабулхонасида ташкил этилган қабулда А.Пардаев туман ҳокими билан бирга фуқаролар мурожаатларини тинглаб, масъуллар билан мавжуд муаммоларни ҳал қилиш чораларини белгилади.
– Тумандаги 1-сонли политехникум, 10-умумтаълим мактаби, оилавий шифокорлик пункти ва “HAKAN AGRO INVEST" корхонасида сайловчилар билан учрашувларда “Обод маҳалла” дастури, оилавий шифокорлик пунктини реконструкция қилиш, трансформатор, симёғочларни алмаштириш, ички йўлларга шағал ётқизиш ва коммунал муаммолар бўйича мурожаатлар билдирилди, – дейди А.Пардаев. – Мурожаатлар ва таклифларни тегишли вазирлик, идоралар ҳамда бошқа мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровларини юборган ҳолда ҳал этиш чораларини кўрамиз.

Жомбой тумани Ширинкент маҳалласидаги қабулда ҳам сайловчилар ҳудуддаги яроқсиз аҳволга келиб қолган симёғочларни янгисига алмаштириш, моддий ёрдам, нафақа, электр ва газ таъминоти каби масалаларда депутатдан кўмак сўради.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Елена Компольшик партия фаоллари ва Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари билан биргаликда шаҳарнинг Қорасув массивида жойлашган “Ваву City” хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ўрганди. Ўрганиш давомида болалар боғчасидаги шароит, таълим-тарбия жараёнларига эътибор қаратилди. Боғча раҳбарларига зарур тавсиялар берилди.
Депутат бу каби ўрганишлар аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолатни ўрнатиш ва коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири