Депутатлар депутатликни тарк этди(ми)?
2016 йилдан буён Тошкент тиббиёт академияси ректори вазифасида ишлаб келган Лазиз Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинланди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, шунингдек, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати ҳисобланган Лазиз Тўйчиев бундан аввал Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган. 2020 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келган Алишер Шодмонов тайинланди.
Яна бир муҳим янгилик сифатида қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 28 октябридаги буйруққа асосан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси лавозимига халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Моҳир Валиев тайинланди.
Эслатма: Моҳир Валиев 2020 йил январидан бугунга қадар Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази директори вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
Эндиликда ушбу депутатлар депутатликдан ечиладими-йўқми, буниси халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси қарорида маълум бўлади.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби