Депутат жойларда муаммоларни ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Руслан Жумамуратов Нукус шаҳридаги “Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида, шунингдек Хўжайли туманидаги “Миздакхан” тарихий-археологик мажмуасида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
“Ёш авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” билан бўлган учрашув давомида депутат томонидан мамлакатимизда қонунчилик соҳасида юз бераётган ўзгариш ва янгиликлар, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури юзасидан амалга оширилаётган ишлар тингланди.

Иштирокчилар томонидан ҳудудда фуқароларнинг томорқаларидан унумли фойдаланиш ва кўп қаватли уйлар олдидаги дарахтларни суғориш мақсадида оқова сув билан таъминлаш юзасидан мурожаат билдирилди. Шунингдек, банклар томонидан ажратилаётган барча кредит турлари бўйича тегишли мутахассислар иштирокида семинар ташкил этиш таклифи берилди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди дастурида археология ёдгорликларини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш, маданий мерос объектларини рўйхатга олиш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, маданий мерос объектлари билан танишиш ва уларни зиёрат қилишдан бошқа мақсадларда фойдаланишни тақиқлашга қаратилган қонунни қабул қилиш сингари бир қатор долзарб вазифалар белгиланган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Хўжайли туманининг “Саришунгул” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Миздакхан” тарихий-археологик мажмуаси ҳудудида жойлашган тарихий обидаларнинг бугунги ҳолати, туристик инфратузилма, кадастр ҳужжатлари билан танишди.
Ўрганишлар давомида объект атрофини муҳофаза қилиш, “Гауир қалъа” объекти ёнида боғ яратиш масалалари кўтарилди. Шунингдек, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари бўйича депутат томонидан асослантирилган таклифлар берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири