Депутат ташаббуси билан кўприк қурилди
Қорақалпоғистон Республикасида O’zLiDeP партиясидан сайланган депутатлар жойларда сайловчилар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юбориш орқали ўрганиб чиқмоқда.
Халқ депутатлари Қонликўл туман Кенгаши депутати Рустем Қалимбетовга ўзи сайланган “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Бирлик”, С.Нурумбетов ва Беруний кўчаларида истиқомат қилувчи фуқаролар кўприк қуриб беришда амалий ёрдам сӯраб мурожаат этди.
Бугунги кунда ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида мингдан зиёд хўжаликда 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Кўприк бўлмаганлиги боис маҳалла фуқаролар йиғини аҳли туман марказидан 1,5 километр йўлни айланиб ўтар эди.
Кўприк қуриш масаласи икки йилдан буён муаммо бўлиб келарди. Халқ вакили мазкур муаммони 2-сектор раҳбари А.Каримбаев ва “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Убайдуллаев билан биргаликда атрофлича ўрганиб чиқди. Натижада туман марказини бӯлиб турган коллекторга кўприк қуриш масаласи ўз ечимини топди.
Бундан мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли, умумтаълим мактаби ӯқитувчилари ва ота-оналарнинг қувончи чексиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА