Депутат сайловчилари билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Аҳмед Реймов учинчи чорак давомидаги фаолияти бўйича сайловчиларга ахборот бериш режаси доирасида “Жуўазшы” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда у халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш, шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар ҳақида маълумот беришни асосий мақсад қилиб олди.
Депутат ўз нутқида мамлакатимизда, айниқса Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, йўл ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг, шунингдек, Оролбўйи аҳолиси манфаати учун жорий этилган Давлат дастурларининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув давомида маҳалла аҳолининг сув таъминотини яхшилаш, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, болалар ва ёшлар учун маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш каби бир қатор таклифлар билдирилди.
Депутат ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Аҳмед Реймов халқ билан учрашувларни мунтазам равишда ташкил этиш, фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг турмуш даражасини ошириш йўлида хизмат қилиш депутатликнинг асосий бурчи эканлигини таъкидлади. Сайловчилар вакилининг ташаббус ва фикрларини мамнуният билан кутиб олишди ва улар ҳам бир неча масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири