Депутат: муаммоларга ечим топилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Мўйноқ ва Кегейли туманларида бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни бевосита ўрганди.
Хусусан, Нукус шаҳридаги Исбилерменлер аймағы маҳалласида ташкил этилган учрашувларда “ижтимоий ҳимоя дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг яшаш шароитлари атрофлича ўрганилди. Фуқаролар томонидан кўтарилган ер муносабатларига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Мўйноқ туманидаги Тик ўзак ва Мўйноқ маҳаллаларида ўтказилган учрашувларда эса “маҳалла еттилиги” аъзолари билан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти ҳамда аҳоли билан олиб борилаётган манзилли ишлар муҳокама қилинди. Аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.
Шунингдек, Кегейли тумани “Жузимбағ” ҳудудида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда уни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Депутат ташрифи давомида Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан ҳам танишиб, тиббий хизмат сифати, мавжуд муаммолар ва эҳтиёжларни ўрганди. Хизматлар сифатини ошириш ҳамда шарт-шароитларни яхшилаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда “Яшил макон” умумхалқ лойиҳаси доирасида ўтказилган кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этилиб, атроф-муҳитни асраш ва экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган ишлар қўллаб-қувватланди.
Учрашувлар давомида кўтарилган барча масалалар депутат томонидан назоратга олиниб, уларни тезкор ва самарали ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилиши белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.