Депутат кўмагида муаммолар ечим топмоқда
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами олдидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Адолат социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Гулнора Абдувоҳидова Марҳамат ва Балиқчи туманларида бўлиб, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мустақиллик байрамига тайёргарлик юзасидан аҳоли вакиллари билан суҳбатлар ўтказди.
Марҳамат туманидаги “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли маҳалланинг таъмирталаб қатор кўчаларини асфалтлаш бўйича кўп идораларга мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳал этилмасдан келмоқда. Фуқаролар ана шу масалада депутатга мурожаат қилди. Олий Мажлис депутати Гулнора Абдувоҳидова мутасаддилар билан ҳамкорликда тегишли лойиҳа тайёрлаб, навбатдаги “Ташаббусли бюджет” танловига қатнашиш орқали муаммони ҳал этилишига кўмаклашадиган бўлди.
Маҳалла аҳолиси ичимлик сув муаммоси бўйича ҳам мурожаат қилди. Тўғри, ҳудуддаги мавжуд, ишламай қолган ичимлик сув қудуғини таъмирлаш ишлари бошланган. Бироқ турли сабаблар туфайли якунланмаган. Депутат аралашуви билан масъул ташкилотлар ишчи ва мутахассислар жалб этилиб, таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Ичимлик суви муаммоси тўла бартараф этилди.


– Депутат кўмагида маҳалламизнинг қатор муаммолари ижобий ҳал этилди, – дейди “Турон” МФЙ раиси Бахтиёр Мамажонов. – Умуман, турли даражадаги депутатларнинг жойларда сайловчилар билан учрашувлари ижобий натижалар бермоқда.
Шунингдек, Олий Мажлис депутати тумандаги Дукчи Эшон, Ғафур Ғулом номли маҳаллаларда ҳам бўлиб, сайловчиларнинг мурожаатлари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ўз назоратига олди.


Гулнора Абдувоҳидова Балиқчи туманидаги “Серқуёш” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” ва сайловчилар билан ўтказган суҳбатда ислоҳотлар жараёни, қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар юзасидан маълумотлар берди. Ўз ўрнида фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, маҳалланинг Янгиобод кўчасида яшовчи, буйрак хасталиги билан мунтазам даволаниб келаётган, II гуруҳ ногирони Гулбаҳор Аҳмедова ногиронлик ҳолатини муддатсиз белгилаш масаласида амалий ёрдам кўрсатишини сўради. Депутат фуқаронинг тиббий ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, зарур тиббий кўриклардан ўтказиш ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза жараёнларини ташкил этиш масалаларини ўз назоратига олди.

Бу каби тадбирлар депутат ва сайловчиларни бир-бирига янада яқинлаштиришга, одамларнинг давлатга, депутатларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.