Депутат кўмагида муаммолар бартараф этилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Гулнорахон Абдувоҳидова томонидан Булоқбоши туманида ўтказилган навбатдаги фуқаролар қабулида тумандаги “Истиқлол”, “Нефтчилар”, “Кўприкбоши” ва “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси қатор масалалар юзасидан мурожаатлар қилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадри, унинг манфаатлари ва фаровон ҳаётини таъминлаш масаласи турибди. Бу борада давлат бошқарувининг барча бўғинларида, хусусан, депутатларнинг аҳоли билан мулоқотини кучайтириш, уларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш ва жойлардаги долзарб масалаларга тезкор ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ўтказилган фуқаролар қабулида аҳоли томонидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати мунтазам йўлга қўйилмагани, маҳаллаларга чиқинди ташиш махсус техникалари келмай қўйгани ҳақида мурожаат қилинди. Масала юзасидан туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар билан ўрганишлар олиб борилиб, туман ҳокимининг қарорига асосан ҳудудлардаги чиқиндини йиғиш ва олиб чиқиш хизматини кўрсатувчи “Юксак Орзу Барака” МЧЖга чиқиндиларни график асосида мунтазам олиб чиқиш вазифаси юкланди ва ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан Истиқлол маҳалласидаги Гулзор кўчасида 700 метр узунликдаги ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари тўлиқ якунланмагани бўйича ҳам мурожаат бўлди. Масала жойида ўрганилиб, туман сув таъминоти корхонаси масъуллари билан муҳокама қилинди. Корхона томонидан сув тармоғи қурилиши ишлари бир ой муддатда тўлиқ якунланадиган бўлди.

Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган юқоридаги ва бошқа масалалар ижроси депутат томонидан назоратга олинди. Аҳоли манфаатларини таъминлаш, ҳудудлардаги ижтимоий-инфратузилма билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш ҳамда одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири