Депутат аҳоли муаммоларини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганмоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда кўтарилган муаммоларни тегишли мутасаддилар билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган Қонунчилик палатаси депутати Абдумалик Акрамов Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудида режалаштирилган учрашувларни ўтказиб, сайловчиларнинг мурожаатларини ўрганди.
Халқ ноибига “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини “Дўстлик” кўчасида яшовчи Ж.Ғойиповдан электр таъминотидаги узилишлар бўйича мурожаат келиб тушган эди. Ўрганишлар натижасида ушбу кўчадаги трансформатор 198 та хонадонни қувват билан етарли таъминлай олмаётганлиги туфайли, муаммолар юзага келганлиги аниқланди.

Депутат туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Асрорбек Дадамирзаев билан учрашиб, масалани атрофлича муҳокама қилди. Корхона раҳбари трансформаторни декабрь ойи давомида алмаштириб беришга ваъда берди.
Кейинги манзил – “Мурувват” ногирон эркаклар интернат уйи бўлди. Мазкур масканда 320 нафар 1-, 2- гуруҳ ногиронлиги бор кишилар истиқомат қилади. Уйғурсой маҳалла аҳли эса икки кундан бери ичимлик сув йўқлигидан қийналаётганини айтиб, мурожаат қилди. Халқ вакили Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов, ҳоким ўринбосари Аҳаджон Мирзааҳмедов билан ичимлик суви таъминотидаги узилиш сабабларини ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, Чуст туманидаги ичимлик суви билан таъминловчи насос ишдан чиққан, сув узатиш қувурларида ёриқлар ҳосил бўлган. Тезкорлик билан ичимлик суви таъминотини тиклаш имкони йўқлиги учун аҳолига автотранспорт воситасида сув етказиб, мурожаатлари қисман қондирилди.

Бундан ташқари депутат, туманни Қамчиқ довони билан боғловчи ҳудуди – Чодак қишлоғидаги “Майдон”, “Истиқлол”, “Чодакбоши”, “Боён”, “Қўшминор”, “Юқори Чодакбоши”, “Шайхон”, “Боғишамол” ва “Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари ҳамда фуқаролар билан учрашиб, мурожаатларини қабул қилиб, уларга зарур тушунтиришлар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА