Деҳқонободда аёллар бандлиги таъминланмоқда
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани тоғли ва қир-адирликларда жойлашган. Ҳудуд аҳолисининг асосий даромади чорвачиликдан. Тоғли ҳудудларида эса қисман боғдорчилик ривожланган. Ушбу ишлар билан асосан эркаклар машғул бўлгани боис, туманда хотин-қизлар орасида ишсизлик даражаси юқори. Шу боис туман раҳбариятининг асосий эътибори аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил бошида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида фаолиятига старт берилган тумандаги илк текстиль корхонаси ҳам мана шу уринишларнинг маҳсулидир.
“Деҳқонобод текстиль” корхонаси 2023 йилда туманда амалиётга татбиқ этилган энг йирик лойиҳалардан бири саналади. Мазкур корхонада Туркия технологияси асосида йилига қарийб 1,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 500 нафар хотин-қизнинг доимий иш билан таъминланиши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, ушбу корхона “Зарафшон текстиль” корхонаси негизида барпо этилган бўлиб, “Зарафшон текстиль” корхонаси мамлакатимиздаги энг йирик текстиль корхоналаридан биридир. Шу вақтга қадар ушбу корхона 10 та ҳудудда ўз филиалларини ишга туширган. “Деҳқонобод текстиль” корхонаси эса бу борада ўн иккинчиси бўлди.
[gallery-13899]
Туркиялик мутахассиснинг қўшимча қилишича, айни вақтда корхонада ойига 170 минг донага яқин аёллар ва эркаклар футболкалари тайёрланмоқда. Уларнинг асосий қисми Европа давлатларига экспорт қилинаётган бўлса, қолгани ички бозорга йўналтириляпти. Бу фаолият ортидан эса 375 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
– Маҳсулотларимиз ҳозирча 6 та Европа давлатига экспорт қилинмоқда, – дейди “Деҳқонобод текстиль” корхонаси бош технологи Нежме Дегермани. – Маҳсулотнинг 80 фоиздан ортиқ қисми экспортга жўнатилади. Келгусида фаолиятни янада кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш режа қилинган. Шу мақсадда яна 175 нафар чевар учун тикув машиналарини олиб келиб ўрнатдик. Ишчиларни қабул қиляпмиз. Уларни бир неча ой шу ернинг ўзида ўқитиб, тайёрлаб оламиз. Мақсад – сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари