Дефолиация ўтказиш муддатлари белгиланди
Бухоро вилояти Вобкент тумани “Агромарказ” МЧЖга қарашли пахта қабул қилиш масканида ғўза майдонларини дефолиация қилишга тайёргарлик кўриш, хусусан, ОВХ пуркагичларини таъмирлаш, дефолиантлар захирасини яратиш, ишчи эритма тайёрлаш майдончаларини ташкил қилиш ҳамда дефолиация сифатли ўтказилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилги деҳқончилик мавсумида вилоят миқёсида 96 минг гектар ерда саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштирилаётган бўлса, шундан айни кунда 60 минг гектар ердаги ғўзани дефолиациялаш тақозо этилмоқда. Бунинг учун жойлардаги техника парклари, агрокластерлар ва улар билан яқин ҳамкор бўлган фермер хўжаликлари томонидан мавсумда қатнашадиган 137 та ОВХ пуркагич агрегати ва VP-600 шай қилинган. Тайинланган отрядлар томонидан дала бошида махсус эритмаларни тайёрлаган ҳолда дефолиация агротехник тадбирини қисқа муддатда сифатли ўтказиш талаби қўйилган.

Айни пайтда биргина Вобкент туманида 10 минг гектар майдонда пахта етиштирилаётган бўлиб, шундан 6 минг 332 гектар майдонда дефолиация тадбири белгиланган. Бунинг учун 16 та ОВХ пуркагич агрегати ҳозирланган бўлиб, ҳудудлар миқёсида 44 та отряд ташкил қилинган ва 2 сентябрь кунидан агротехник тадбирга уюшқоқлик билан киришилади.

Семинарда дефолиация тадбирлари учун талаб этиладиган дефолиантлар захирасининг яратилиши ва уларни қўллашдаги меъёрий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ҳам йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.

Шу билан бирга, жорий йилдан Бухородаги кўп тармоқли пахта–тўқимачилик кластерлари томонидан янги ташаббус асосида Хитой давлатидан олиб келиб экилган ва Хитойнинг етакчи олимлари иштирокида парваришланаётган пахта майдонларида амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг натижадорлиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дефолиация тадбирлари бўйича масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланиб, мавсумда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири