Деҳқон учун ҳар бир кун ғанимат
Айни кунларда Фарғона вилояти деҳқонлари 82 минг 80 гектар майдонда чигит экиш ишларини якунламоқда.
Айни кунларда Фарғона вилояти деҳқонлари 82 минг 80 гектар майдонда чигит экиш ишларини якунламоқда. Барака уруғини қадашда туманларнинг шароити инобатга олиниб, бу борадаги ишларни қисқа муддатларда, сифатли амалга оширишга муҳим эътибор қаратиляпти.
Данғара тумани экин майдони катта ҳудудларидан бири ҳисобланиб, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ривожига муносиб улуш қўшади. Туман қишлоқ хўжалигида барча агротехник тадбирлар яхши йўлга қўйилганлиги боис пиллачилик, пахтачилик, ғаллачиликда юқори натижалар қўлга киритиб келинмоқда. Айни кунларда 6 минг 190 гектар майдонга ғўзанинг ҳудуд иқлимига мос, серҳосил “С8290”, “Султон” навларини экиш ишлари якунланди. 8 минг 670 гектар майдонда эса буғдой баравж ўсмоқда.
“Йигитали ота”, “Чанкат ғурури”, “Сирдарё мўжизаси”, “Ёқубжонов Дадамирза”, “Абдураҳмон заминдор” каби фермер хўжаликларида экиш ишлари биринчилардан бўлиб якунланиб, ғўза ниҳоллари бир текис униб чиқди.

“Гулмира” фермер хўжалиги пахта ва ғалла етиштиришда катта тажрибага эга. Ҳар йили шартномалар ортиғи билан бажарилиб, фермер яхши даромад кўрмоқда.
-Деҳқон учун ҳар бир кун ғанимат, -дейди фермер хўжалиги раҳбари Исроил Мамадалиев.- Чигитни вақтида экиш мўл ҳосил гарови эканлигини яхши биламиз. Жорий йилда 36, 8 гектар майдонга чигит қададик ва бир текис униб чиққанини кўриб, кўнглимиз тўлди. Ғўзага биринчи ишлов беришни ҳам бошлаб юбордик. Фермер хўжалигимиздаги мавжуд ғалла майдонлари 3 маротаба кимёвий ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирилди.