Деҳқон бозорлари янада чирой очади
Пойтахтимиз бозорларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгаймоқда. Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, Авиасозлар, Наврўз, Сергели ва Юнусобод деҳқон бозорларидан сўнг Олой ҳамда Миробод деҳқон бозорларида ҳам таъмирлаш ва қурилиш ишлари бошланди.
Пойтахтимиз бозорларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгаймоқда. Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, Авиасозлар, Наврўз, Сергели ва Юнусобод деҳқон бозорларидан сўнг Олой ҳамда Миробод деҳқон бозорларида ҳам таъмирлаш ва қурилиш ишлари бошланди.Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда айтиб ўтилди.
– Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига қадар тўлиқ тугалланиши режалаштирилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида Олой деҳқон бозорида сотувчи ҳамда харидорлар учун яратилган қулайликлар кўпаяди, – дейди «Тошбозорсавдо» уюшмаси раиси С.Неъматуллаев. – Жумладан, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари учун алоҳида савдо объектлари, тарозихона, ветеринария хизматларини янада такомиллаштиришга қаратилган қурилиш ишларининг амалга оширилиши кўзда тутилган. Миробод деҳқон бозорида амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар ҳам савдо маданияти юксалишига хизмат қилади.
Ушбу икки лойиҳани бажариш учун 15 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланиши белгиланган.
Айни пайтда уюшма тизимида 12 та деҳқон бозори, битта қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори, иккита ихтисослашган бозор ҳамда 6 та савдо комплекси фаолият кўрсатмоқда. Тошкент шаҳридаги бозорлар фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сотувчи ва харидорлар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида сўнгги 7 йил давомида 63,8 миллиард сўмлик қурилиш, қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилган. Йигирмадан ортиқ янги савдо павильони ва савдо мажмуаси барпо этилган.