“Давр зийнати” музқаймоқлари
Қарши шаҳридаги “Давр зийнати” хусусий корхонасида буюртма асосида тайёрланаётган 30 турдаги музқаймоқларга талаб ортиб бормоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 15 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Қарши шаҳридаги “Давр зийнати” хусусий корхонасида буюртма асосида тайёрланаётган 30 турдаги музқаймоқларга талаб ортиб бормоқда.
– Цехларимиз хориждан келтирилган замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган, – дейди корхона раҳбари Ўктам Очилов. – Айни пайтда маҳсулот сифатини янада яхшилаш ва турини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бугунги истеъмолчининг диди нозик, танлаш имконияти кенг. Шундай экан, фаолиятни мунтазам такомиллаштириб бориш тадбиркорликнинг биринчи талабидир.
2004 йилда фаолиятини бошлаган корхона дастлаб 2 турдаги музқаймоқ ишлаб чиқарди. Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган Ў.Очилов корхонани босқичма-босқич модернизация қилди. Хориждан 252 минг АҚШ доллари эвазига соатига 6 мингта музқаймоқ тайёрлаш қувватига эга замонавий технология келтириб ўрнатди. Натижада тўлиқ қувват билан ишлаётган корхонада маҳсулот тури ўттизга, ишчилар сони йигирма нафарга етди.
Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ички бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаётган корхона маҳсулотлари Бухоро, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларига ҳам шартнома асосида етказиб берилмоқда. Айни пайтда қўшимча тармоқ сифатида шоколад ва қуйилтирилган сут ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.