Давлатободлик ёшлар моддий рағбатлантирилди
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида ёшлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилган ишлар юзасидан туман ҳокими ҳисобот берди. Унда юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати мутлақо ўзгариб, янгича ишлаш натижасида эртамиз эгаларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг таклиф-ташаббусларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўзини ўзи бошқариш органларида ёшлар билан ишлашнинг яхлит вертикал - “маҳалла – туман –вилоят – республика” тизими яратилди. Ҳар бир шаҳар ва тумандаги маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

Давлатободда ҳам мамлакатимиз раҳбарининг маҳаллалардаги вакили саналган бу вазифага номзодлар сараланди. Юз нафардан ортиқ ёш билан учрашилиб, улар орасидан 28 та маҳаллага 24-30 ёшли, беш йилгача иш тажрибасига эга бўлган муносиб номзодлар танлаб олинди.
Етакчилар фаолияти самарали бўлишини таъминлаш, уларга зарур шароитлар яратиш мақсадида замонавий планшет олиб берилди ва алоҳида жой, компьютер жамланмаси, мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Қайд этилганидек, республика бўйлаб ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш ва шу орқали уларни фаол ҳаёт тарзига қайтариш мақсадида "Ёшлар дафтари" электрон платформаси ишлаб чиқилиб, шу асосда бир қанча амалий ишлар бажарилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар етакчилари томонидан маҳаллаларда “Хонадонбай” ва “Фуқаробай” тизими асосида уч марта хатлов ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 14-30 ёшли фуқаролар ўртасида 86 мингга яқин ўғил-қиздан иборат ёшлар баланси шакллантирилди. Қолаверса, шу йилнинг ўзида мингга яқин навқирон авлод вакили “Ёшлар дафтари”га киритилди. Ҳозирга қадар эса махсус рўйхатдаги 829 нафар ёшга турли ёрдам кўрсатилди.

Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаевнинг қайд этишича, 2022 йил аввалида, "Ёшлар дафтари" жамғармасига жами 2 миллиард 327 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, шу кунгача 726 ёшга ёрдам кўрсатиш ва 74 нафарига истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Беш муҳим ташаббус тадбирларини молиялаштириш каби хайрли ишларга йўналтирилди. Хусусан, вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 500 миллион сўм эвазига 28 та маҳаллага спортни ривожлантириш мақсадида зарур жиҳозлар сотиб олинди.
Жорий йилда туман ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари томонидан ҳар бир секторда 50 тадан жами 200 та учрашув уюштирилиб, унда 2892 нафар ёш қатнашди. Қабуллар давомида билдирилган 946 та мурожаат ва таклифнинг 744 таси ижобий ҳал этилди.
Маданият марказида бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқиётган талабаларнинг тўлов-контракт пулларининг бир қисмини қоплаш, асбоб-ускуналар, бир марталик моддий ёрдам, ҳайдовчилик курси харажатлари, ҳарбий хизмат тўловлари, даволаниш, ёш оилаларга турар-жой ижара учун ҳамда замонавий касблар ўқув курсини қоплаш ва биометрик паспорт олиши каби йўналишларда жами 123 нафар ўғил-қизга жами 300 миллион сўмлик сертификат тақдим қилинди. Тегишли ёрдам турлари (жиҳозлар) ўз эгаларига етказилди.

Тумандаги Гулшан маҳалласида яшовчи Носиржон Ҳошимжонов 23 ёшда. Тақдирнинг оғир зарбаларини барвақт бошидан кечирган. 12 ёшида онаси, 14 ёшида отасидан айрилган йигитни маҳалладошлари ёлғизлатиб қўймади. Яқинда йигитлик бурчини ўтаган йигитга ёшлар етакчиси Диёра Жўрабоева тавсияси асосида СЧР тўловларини қоплаш мақсадида 6 миллион сўм маблағ ажратиб берилди.
– Янги йил байрамини яхши кайфиятда кутиб оладиган бўлдик. Тақдирлаш тадбири "Ёшлар дафтари"га киритилган биз, ёшлар учун унутилмас кунга айланди, – дейди тумандаги Умид маҳалласида истиқомат қилувчи Гулҳаё Асқарова. – Айни вақтда Жанубий Кореянинг Ёджу Тошкент университетининг Наманган филиалида йўл ҳаракатини бошқариш йўналишида ўқийман. Йиллик тўлов контрактимнинг 25 фоизи, яъни 3 миллион сўмини қоплаб берадиган бўлди. Бундай рағбат оиламиз бюджетига ҳам катта фойда. Эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган ҳолда чуқур билим эгаллаб, келгусида ички ишлар тизимида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган муносиб кадр бўлиб етишишга интиламан.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ёшлар Ўзбекистоннинг энг буюк бойлиги, бебаҳо хазинаси”дир. Зеро, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА