Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзламоқда.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда депутат деган шарафли номга сазовор бўлганларни табриклади.
Бу юксак ишонч уларнинг бой билими ва ҳаётий тажрибаси, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида қилаётган фидойи меҳнатига нисбатан халқимизнинг улкан ҳурмат ва эҳтироми ифодаси экани таъкидланди.
Ҳар қандай сайлов давлат ва жамият учун муҳим сиёсий жараён. Айниқса, жаҳондаги бугунги кескин ва таҳликали вазиятда бундай умумхалқ тадбирларини ўтказиш янада катта масъулият талаб этади. Турли минтақаларда уруш ва жанжаллар, қарама-қаршилик ва зиддиятлар авж олиб бормоқда.
Ана шундай ғоят мураккаб даврда сайловларни осойишталик шароитида, эмин-эркин ўтказганимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликдан далолат беради. Президент барчамиз бу бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз ва мустаҳкамлашимиз кераклигини қайд этди.
Хорижий ташкилотлар ва кузатувчилар ҳам бўлиб ўтган сайлов жараёнлари халқаро стандартларга тўла мос ҳолда ўтганини эътироф этиб, уларга юқори баҳо бергани таъкидланди.
ЎзА