Давлат хизматлари марказларида “Кадастр маслаҳат бурчаги” ташкил этилди
Юртимизда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, соҳани рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ҳамда шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Илгари кадастр асосан техник ҳисобга олиш воситаси сифатида қабул қилинган бўлса, бугунги кунда у мулкий муносабатлар барқарорлигини таъминловчи ҳуқуқий институтга айланди.
– “Замонавий кадастр хизматлари – инсон манфаатлари учун” ғояси бугун нафақат шиор, балки соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг бош мезонига айланмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Юнусов. – Жорий йилнинг 4 август куни давлатимиз раҳбари Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиб, унда масъулларга аҳоли сарсон бўлмаслиги учун “Кадастр маслаҳат бурчаги”ни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан пойтахтимизда жойлашган Давлат хизматлари марказларида “Кадастр маслаҳат бурчаги” ташкил этилди. Бунинг учун энг аввало, кадастр соҳасида етарли билим ва амалий тажрибага эга масъул ходимлар саралаб олинди. Кадастр маслаҳат бурчаги зарур техника, интернет тармоғи, ахборот стендлари, буклетлар, йўриқномалар ва QR-кодлар орқали электрон хизматларга йўналтирувчи маълумотлар билан таъминланди.
Фуқароларга кадастр соҳасидаги давлат хизматларидан фойдаланиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, электрон ариза ва сўровларни юбориш ҳамда мурожаат ҳолатини кузатиш бўйича амалий кўмак кўрсатилмоқда. Мазкур жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига устувор тартибда хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Баъзан фуқаролар томонидан кадастр хизматига ариза топшириш жараёнида айрим хатоларга йўл қўйилиши туфайли ҳужжатларни қайта топшириш ҳамда вақт йўқотилишига сабаб бўлади. “Кадастр маслаҳат бурчаги” мана шундай ҳолатларнинг олдини олиб, мурожаатчининг вақти ва нақдини тежаб, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда давлат хизматлари марказларида ташкил этилган маслаҳат бурчаги орқали мурожаатчилар кўчмас мулк ва ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, шунингдек, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга малакали мутахассислардан тўлиқ ва ишончли маълумотга эга бўлмоқда.

Энг муҳими, оддий инсонларнинг мушкули осон бўлмоқда. Ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликка барҳам берилмоқда. Бундай эътибор ва қулайликлардан мамнун бўлган фуқаролар Президентимизга ўз миннатдорликларини билдирмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан Кадастр масаласи бўйича ўтказилган йиғилиш ўзининг амалий натижаларини бера бошлади, – деди “Кадастр маслаҳат бурчаги”дан фойдаланиш учун келган фуқаро Абдуҳалим Ҳамидов. – Тадбиркорликни йўлга қўйиб, фирма ташкил қилганимга 36 йил бўлди. Иш бошлаган вақтларим билан бугунги кунни солиштирсак, фарқи жуда катта. Ҳозир кўпгина енгилликлар бор. Кадастр соҳасида фаолият юритаётган ёшлар анча ҳаракатчан, меҳнаткаш. Янги Ўзбекистонга мос кадрлар деб биламан.

– Президентимиз томонидан кадастр соҳасини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижроси қисқа вақт ичида ижобий натижасини бера бошлади, – деди Наргиза Усмонова. – Кузатишларимдан келиб чиқиб айта оламанки, хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланиб бормоқда. Давлат хизматларидан фойдаланиш қулай бўлиб, муддатлар қисқаряпти. Олдин келиб хизматдан шундоқ фойдаланардик. Ҳозир аҳолига қулайлик яратиш учун “Кадастр маслаҳат бурчаги” ташкил қилиниб, алоҳида ходим ҳам бириктириб беришибди. Ходимлар билан гаплашдим, менга яқиндан ёрдам беришди. Ишларимиз анча тез ҳал бўлмоқда. Бу кадастр соҳасидаги ижобий ўзгаришлардан бири деб биламан.

– Мен давлат хизматлари марказига кадастр паспортини янгилаш учун келдим, – деди Дамира Сташова. – Масъул мутахассис мавжуд талабларни тушунтирди ва шу куннинг ўзида ариза топширдим. Бу каби хизматлардан ҳар бир фуқаро қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар ўзига яқин ва қулай жойлашган давлат хизматлари маркази ёки бўлмаса уйдан чиқмасдан туриб масофадан электрон тарзда фойдаланиши мумкин экан. Хизмат кўрсатиш муддатларининг қисқараётгани, аризаларнинг ўз вақтида бажарилиши устидан назорат ҳамда тизим рақамлаштирилаётгани аҳоли учун жуда катта қулайлик яратмоқда.
Дарҳақиқат, “Кадастр маслаҳат бурчаги” инсон қадри, унинг вақти ва манфаатини асраш йўлидаги яна бир амалий қадам бўлди.
Гулноза Бобоева,ЎзА