Давлат хизматида натижадорлик ва ҳисобдорликни кучайтириш юзасидан тавсиялар билдирилди
Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиниб, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, давлат хизматида замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш ҳамда ислоҳотларнинг аниқ натижаларга йўналтирилганини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Соҳага оид жамоатчилик фикри ва мурожаатлари ўрганилиб, тегишли таҳлиллар амалга оширилгани қайд этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда жамоатчилик вакилларининг таклиф ва тавсияларини инобатга олиш, қабул қилинаётган қарорларнинг ҳаётийлиги ва амалий самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида бошқарув самарадорлигини ошириш, инсон ресурсларини замонавий ёндашувлар асосида бошқариш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда давлат хизматида натижадорлик ва ҳисобдорликни кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Кенгаш аъзолари Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази фаолияти, замонавий баҳолаш тизими ва илғор ассессмент технологиялари имкониятлари билан яқиндан танишди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни кенгайтириш ҳамда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этишга оид вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА