Давлат харидларида 7,8 триллион сўм тежамкорликка эришилди
Маълумки, Президентимизнинг 2026 йил 4 февралдаги «Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан Агентлик фаолиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қайд этилишича, қисқа вақт мобайнида Агентлик томонидан саноат кооперациясини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, давлат харидларида очиқлик ва рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш, рақамли платформаларни такомиллаштириш ҳамда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот механизмларини йўлга қўйиш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1 минг 746 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида аввал импорт қилинган қатор маҳсулотларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, «Навоийазот» АЖда натрий цианид, «Uz Tong Hong Kompani» АЖда BYD автомобиллари учун ўриндиқлар, Андижондаги «Uz-Hanwoo» МЧЖда KIA Sonet автомобили учун ички салон қисмлари ҳамда Намангандаги «Vodiy Circuits» МЧЖда электрон платалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Дастур доирасида 83 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 3,8 миллиард долларга етди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилиши мумкин бўлган 1,6 миллиард долларлик 50 турдаги маҳсулот Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.
—Президентимизнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида республика бўйича 208 та туман ва шаҳарда очиқ мулоқотлар ташкил этилди, — дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директор ўринбосари Жаҳонгир Юнусов. — Уларда 2 минг 700 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, давлат харидлари, сертификатлаштириш ва саноат кооперациясига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Мулоқотлар давомида жами 447 та муаммо ва таклиф кўтарилди. Шундан 155 таси жойида ҳал этилди, 75 та масала юзасидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди, 214 та масала бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Жорий йил май ойида Оҳангаронда тоғ-кон саноати, июль ойида эса Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида транспорт соҳасига бағишланган «Миллий саноат занжири» кўргазмалари ўтказилди. Ушбу тадбирлар йирик буюртмачилар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, илмий муассасалар ва технология етказиб берувчиларни бирлаштирган самарали ҳамкорлик платформасига айланди. Натижада 3,8 триллион сўмлик шартнома ва келишувлар имзоланди. Шунингдек, тадбиркорларга 1,5 миллиард долларлик маҳаллийлаштириш салоҳиятига эга 856 турдаги маҳсулот таклиф этилди.
Агентлик мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтиришга қаратилган янги механизмни йўлга қўйди. Жорий йилда ўзлаштирилиши режалаштирилган 53 миллиард долларлик инвестиция портфели доирасида 21,1 миллиард долларлик миллий қўшилган қиймат шакллантириш имконияти аниқланди. Янги мониторинг тизими натижасида биринчи ярим йилликда ўзлаштирилган 27,6 миллиард долларлик инвестицияларда маҳаллий қўшилган қиймат улуши 36 фоизни ташкил қилди. 2026 йилнинг биринчи ярмида давлат харидлари ҳажми 188,4 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 72,9 триллион сўми бюджет, 115,5 триллион сўми эса корпоратив харидлар ҳиссасига тўғри келди. Рақобатли харидлар улуши 60 фоизга, яъни 112,9 триллион сўмга етди. Бу орқали 7,8 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
[gallery-30614]
Тадбиркорлар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш мақсадида Агентликнинг сall-маркази ишга туширилди. Март-июнь ойларида 3 минг 650 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга, давлат харидларини рақамлаштириш жараёни изчил давом этмоқда.
Тадбиркорларга қўшимча қулайлик сифатида «Кооперация» порталида закалат ва комиссия тўловлари учун 100 миллион сўмгача кредит ажратиш механизми жорий этилди. Биринчи марта 30 кунгача фоизсиз кредит бериш йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар 48 та корхонага 5,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Йилнинг иккинчи ярмида энергетика, кимё ва нефть-кимё тармоқларида «Миллий саноат занжири» кўргазмаларини ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан йирик буюртмачилар ўртасидаги кооперацияни янада кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, давлат харидларида рақобат муҳитини кучайтириш, маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, харидларнинг ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида аниқловчи модулни тўлиқ ишга тушириш ва рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш белгиланган.
Шаҳноза Маматуропова,
Ойбек Пардаев(cурат), ЎзА