Давлат харидлари депутатлар муҳокамасида
Бухорода давлат харидлари шартномаларини сунъий равишда қисмларга бўлиб савдога қўйиш, бошланғич нархдан юқори нархда харид қилиш билан боғлиқ хато ва камчиликларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят, туманлар ва шаҳарлар студияларидан депутатлар, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашлари котибияти мудирлари ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари қатнашди.
Семинар тарзида ташкил этилган давра суҳбатини Сенат аъзоси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) вилоят бўйича минтақавий вакили Абира Ҳусейнова олиб борди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари – давлат харидлари департаменти бошлиғи Сарвар Назаров давлат харидларига оид масалалар юзасидан тушунтириш берди.

Таъкидланишича, “Давлат харидлари тўғрисида” ги қонунда давлат харидларига оид асосий тушунчалар ҳамда давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий принциплари очиб берилган. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланиб, унга давлат харидлари бўйича қатор ваколатлар берилмоқда.
Электрон дўкон орқали харид қилиш, электрон дўконнинг иш тартиби ва ундан фойдаланишга оид масалалар батафсил ёритилган. Аукцион орқали харидларни амалга оширишнинг барча жараёнларини тартибга солувчи қоидалар акс этган. Давлат харидлари бўйича танлов ва тендерларни ўтказиш мезонларининг аниқ белгилаб қўйилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда харид комиссиясининг фаолияти, танлов ва тендер ўтказиш учун эълонлар, уларда иштирок этиш учун таклифларни бериш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича шартномаларни тузиш тартиби назарда тутилган.
Давлат харидларида мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар ва уларни қўллаш тартиби келтирилгани алоҳида эътиборга молик. Харид қилиш тартиб-таомилларининг давлат ва жамоатчилик назорати, харидлар самарадорлигининг таҳлили орқали давлат харидларини мониторинг ва назорат қилишга аҳамият берилган. Шунингдек, харид қилиш тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик принципларини рўёбга чиқариш орқали амалга оширилади.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан берилган саволларга белгиланган тартибда жавоб берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА