Давлат тили мақоми янада оширилади
Мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, қонунчилик ҳужжатларини содда ва тушунарли тилда тайёрлаш, ўзбек тилининг нуфузини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Қуйи палата мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида қонунчилик ҳужжатларида фойдаланилган айрим тушунча ва юридик атамаларни ягона шаклда қўллаш ва уларнинг юридик-техник жиҳатдан тўғри баён этилишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Хусусан, “аванс” сўзини “бўнак”, “маркировка” сўзини “тамғалаш”, “маршрут”ни “йўналиш”, “светофор”ни “йўлчироқ”, “коворкинг”ни “иш маркази”, “парол”ни “ўрон”, “прогрессив” сўзини эса “илғор” деб ўзгартириш назарда тутиляпти.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларнинг қўлланилишидаги ноаниқликларни бартараф этишга, уларни бирхиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, давлат тили мақомини янада оширишга, барча жабҳаларда хорижий сўзларнинг ўзбекча шаклини ишлатилишини таъминлашга асос бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА