Давлат тили – бeбаҳо маънавий бойлигимиз
Мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш юзасидан қилинаётган барча ишлар янада жадал тус олди, десам муболаға эмас. Хусусан, пойтахт кўчаларидаги реклама шитлари, баннерлар, бозорлар атрофидаги барча ёзувлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги кўрсатмалар давлат тилида бўлиши жиддий назоратга олинган.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб, бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳрининг барча туманларида давлат тилининг ижроси юзасидан кенг оммага тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Пойтахт кўчаларидаги юзлаб хорижий тилдаги реклама баннерлари олиб ташланди ва энг аввало давлат тилида ёзилиши таъминланди. Мингдан ортиқ пешлавҳалар, эълонлар, кўрсатмалар давлат тилида ёзилди. Албатта, бу ишлар ўз ўзидан бўлаётгани йўқ.
Тадбиркорлар, ишбилармон доира вакиллари билан баъзида давлат тилининг аҳамияти хусусида соатлаб тушунтириш ишлари олиб боришга тўғри келаяпти. Афсуски, миллати ўзбек бўлган айрим юртдошларимиз она тилимизга шу даражада бефарқ ва лоқайдки, уларнинг қорин ғамидан бошқа ғами йўқ эканлигини кўриб маҳзун бўласан киши.

Миллатнинг қалби ўзгармас, миллий туйғу, миллий руҳ юксалмас экан, ҳали кўп йиллар бир жойда депсиниб туришимизга тўғри келади. Халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган анъана ва қадриятлари, эзгу орзу-умидларининг мужассами бўлган она тилимизни бешикданоқ фарзандларимиз онгу шуурига қўйишимиз, ўсиб келаётган ёш авлодга миллий тил ҳам жон қадар азиз эканлигини англатишимиз, она-тилимизни асрашни, уни ҳимоя қилишни уқтиришимиз керак.
Таъкидлаганимдек, фарзандларимиз она тили учун масъул эканлигини энг аввало, мурғаклигидан оилада ҳис қилиб ўсиши, тушуниши, англаши шарт ва муҳим. Оилада мустаҳкам пойдевори қўйилган она тилининг емирилмас пойдевори боғчаларда, мактабларда янада мустаҳкамланиб борилади.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган куннинг 30 йиллигига бағишлаб сўзлаган нутқида она тилимизга эътибор қаратиш, ўзбек тилини миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият сифатида улуғлаш лозимлигини қатъий таъкидлаган эди. Давлат раҳбарининг миллий тилимизга бўлган бундай эътибори ҳар бир миллат вакилининг қалбини, онгу шуурини уйғотмоғи лозим.
Акмал Рўзитоев,
Тошкент шаҳар ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини
ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси
ЎзА