Давлат тиббий суғуртаси: амалиёт ва самара
Сирдарёда давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ ишлар муҳокама этилди.
Сўнги пайтларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, аҳолини тиббий тизимга эмас тиббий тизимни аҳолига яқинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда дунёдаги кўпгина ривожланган давлатларда татбиқ этилган, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишнинг янги усули давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ ишларни юртимизда ҳам жорий этиш, аҳолига намунали ва кафолатланган пакет доирасида хизмат кўрсатиш ишлари бошлаб юборилди.
Республикамизда илк бор синов тариқасида давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш, аҳолига белгиланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар Сирдарё вилоятида йўлга қўйилди.

Сирдарёда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташаббуси билан "Тиббий хизматлар кўрсатилишининг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш" мавзусида ўтказилган семинарда давлат тиббий суғуртаси тизими билан боғлиқ кўпгина масалалар муҳокама этилди.

Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сонли оилавий поликлиникада янги механизм асосида йўлга қўйилган тиббий хизмат турлари билан яқиндан танишилди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигининг қабуллар уйида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда жорий этилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Йўл қўйилган камчилик ва муаммолар муҳокама этилиб, тадбир ташкилотчилари томонидан соҳа ходимларига муҳим топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА