Давлат рақами ечилган ҳолда яширилган “Lacetti” аниқланди
Суд қарорлари ижросини таъминлаш ва қарздорликларни ундириш мақсадида ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида қарздорларга тегишли мол-мулкларни аниқлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси Қидирув шўъбаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд давомида жами 100 та ижро ҳужжати бўйича 85,5 миллион сўм қарздорлиги мавжуд бўлган фуқаро А.Ш.га тегишли “Lacetti” русумли автомашина топилган.
Текширув жараёнида ушбу транспорт воситаси давлат рақам белгиси ечилган ҳолда автотранспорт воситалари сақланадиган майдон ҳудудида яшириб қўйилгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қарздорликни ундириш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мажбурий ижро бюросининг қайд этишича, қарздорликларни ундириш, мол-мулкларни қидириб топиш ва суд қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган рейд тадбирлари давом эттирилади. Шунингдек, суд ҳужжатларини ижро этмаслик ёки мол-мулкни яшириш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА