Давлат рамзларига муҳаббат уйғотиб
Давлат байроғи халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлайди.

Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг 31 йиллиги муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими томонидан таълим муассасаларида байрам тадбирлари уюштирилди.

Хусусан, Миллий гвардия ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги 1 ва 7-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари, 34-сонли умумтаълим мактаби ҳамда аҳоли гавжум жойларда ўтказилган тарғибот учрашувларида давлатимиз байроғи мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардан бири эканлиги, давлат рамзларидан биринчи бўлиб айнан миллатимиз байроғи тасдиқланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Давлат байроғи қабул қилинган кунни муносиб нишонлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилди. Ташкилотчилар томонидан билим масканларида “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида камондан ўқ отиш, отда юриш, шахмат, стол тенниси мусобақалари ва расмлар танлови ўтказилди. Ўқувчиларга Ўзбекистон байроғини қабул қилиниши ва у ҳақидаги маълумотлар етказилиб, фаол ўғил-қизларнинг кўксига давлат байроғи рамзидаги ленталар тақиб қўйилди.

– Мен Ўзбекистонда туғилганман ва яшаяпман, шу азиз Ватанимнинг рамзларига ҳурмат билан қарайман, – дейди Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Александр Нартикоев. – Мактабимиздаги маънавият дарсида “Маҳалла” фонди ходимлари қатнашиб, биз ўқувчиларга давлат байроғини қабул қилиниши тарихи, унинг ўлчамлари, ранглари ва байроқдаги ой ва юлдузларнинг маъносини атрофлича баён қилишди. Давлат рамзлари тўғрисида викторина кўринишида савол-жавоблар уюштирилиб, унда билимдонлигини намоён этган тенгқурларим совғалар олишди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.