Давлат рамзларига эҳтиром — Ватанга муҳаббат ифодаси
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, давлат рамзларига ҳурмат ва эҳтиромни юксалтиришга қаратилган “Давлат рамзлари – фахримиз” шиори остида расмлар чизиш танлови бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти “Келажак” марказида вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иқтидорли ўқувчи-ёшлар иштирок этишиб, давлат рамзлари, Ватан, тинчлик ва миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ижодий ишларини тақдим этишди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, давлат рамзларининг тарихий ва маънавий аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, тасвирий санъатга қизиқувчи иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.


Иштирокчилар томонидан чизилган расмларда Ўзбекистон Давлат герби, она Ватан табиати, тинч ва фаровон ҳаёт, миллий қадриятлар ҳамда юрт тараққиёти ғоялари бадиий талқин этилди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ижодий ишни ғоявий мазмуни, бадиий ечими, ижро маҳорати ва муаллифнинг мустақил ёндашуви асосида баҳолади.
Танлов якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, рассом Анорбой Бойбеков ёшларнинг ижодий изланишларига юқори баҳо берди.

— Энг муҳими, бугунги танловда иштирок этган барча ўғил-қизларимиз ғолибдир. Чунки уларда ижод қилишга интилиш, изланиш ва ўз иқтидорини намоён этиш истаги бор. Ана шу интилиш келажакда юртимизга янги ижодкорларни етиштириб беради. Балки улар орасидан Ўзбекистон тасвирий санъатининг таниқли намояндалари — академик Акмал Нур, халқ рассомлари Баҳодир Жалолов, Алишер Мирзаев каби ижодкорлар, ҳатто буюк миниатюра санъати асосчиларидан бири Камолиддин Беҳзод сингари санъат усталари етишиб чиқар. Шу боис бу галги танловда фақат бир неча нафар иштирокчини эмас, барча қатнашчиларни маънавий рағбатлантиришга қарор қилдик, — деди у.

Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, бу каби ижодий танловлар ёшларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг бадиий дунёқарашини кенгайтириш, энг муҳими, давлат рамзларига ҳурмат ва Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишлиги билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА