Давлат дастурлари ижроси прокуратура назоратида
Жиззах вилоятида қурилишга оид давлат дастурлари, бюджет харажатларини оптималлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва бошқа долзарб топшириқлар ижроси Бош прокурорнинг ўринбосари томонидан ўрганилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов вилоятнинг Мирзачўл, Дўстлик ва Арнасой туманларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш объектларида бўлиб, масъуллар билан суҳбатлашди. Соҳада масъулиятсизликка йўл қўймаслик, бюджет маблағлари талон-торож этилишининг олдини олиш, объектларни ўз муддатида ва сифатли топшириш ва объектдаги ҳар бир иш жамоатчилик назорати асосида ташкил этилишини таъминлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
[gallery-20569]
Сўнгра ушбу ҳудудларда ижтимоий соҳа объектлари кўздан кечирилиб, қиш мавсумига тайёргарлик, ортиқча истеъмолга сабаб бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш, бу йўналишда энергия тежамкор ускуналарни татбиқ этиш борасидаги ишлар ўрганилди. Мулоқотлар чоғида мутасаддиларга энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг афзалликлари ва уларни талон-торож қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан тушунтиришлар берди.
Ўрганишлар натижалари вилоят ҳокимлигида масъуллар иштирокида танқидий муҳокама қилинди ва тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқди.
Бош прокурор ўринбосарининг Жиззах вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари