Давлат бюджетининг 51,5 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил I ярим йилликдаги ижроси қизғин муҳокама қилинди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь–июнь ойларида ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,5 фоизга ўсиб, 1 072,7 трлн сўмни ташкил этган. Давлат бюджети даромадлари 207,4 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,2 трлн сўм ёки 43,8 фоиз кўпдир.
Фракция аъзолари Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий соҳага йўналтирилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар улуши 51,5 фоизни ташкил этган. Бу таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бошқа ижтимоий хизматлар сифатини ошириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Муҳокамаларда депутатлар ушбу кўрсаткич Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаб, бир қатор таклиф ҳамда саволларни ўртага ташладилар.
Хусусан, мактабларда дарсликларни янгилаш, янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ҳамда спорт жиҳозлари билан таъминлаш ҳолати, онкологик, кам учрайдиган (орфан) ҳамда ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволашга ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси пастлиги каби масалаларда саволлар кўтарилди.
Халқ вакиллари бюджет маблағларининг ҳар бир сўмидан самарали ва манзилли фойдаланиш, айниқса, аҳоли учун муҳим бўлган ижтимоий соҳаларга ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш зарурлигини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА