Давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Беруний, Амударё ва Қўнғирот туманларида ўтказилган ўрганишларда 895,5 миллион сўм давлат бюджети маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш орқали талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.
Ўрганишлар давомида аниқланишича, 2023-2025 йиллар давомида Беруний туманидаги 52 фермер хўжалигига 1 миллиард 288 миллион сўмдан ортиқ субсидия маблағи ажратилган.
Бироқ мазкур субсидияларни ажратишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳнинг айрим мансабдор шахслари томонидан ҳисобварақ-фактураларга электр энергияси истеъмоли бўйича ҳақиқатга тўғри келмайдиган, сохта маълумотлар киритилгани оқибатида 66 ҳолатда 50 фермер хўжалигига 311,5 миллион сўм миқдоридаги субсидия маблағлари асоссиз ва ортиқча тўланишига йўл қўйилган.
Маълум бўлишича, 2024-2025 йиллар мобайнида Амударё туманида 193 қишлоқ хўжалиги корхонасига 3 миллиард 830,2 миллион сўм, Қўнғирот туманида эса 46 қишлоқ хўжалиги корхонасига 1 миллиард 819,6 миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.
Текширув натижаларига кўра, мазкур ҳудудларда субсидия ажратиш жараёнида ишчи гуруҳ томонидан қонунчилик талабларига зид равишда талабгорларнинг аризалари бўйича белгиланган муддатларда жойига чиққан ҳолда тегишли мониторинг ишлари ўтказилмаган.
Жумладан, экин турлари ва майдонлари, суғориш усуллари, электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарининг ҳолати ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси ҳажмининг амалдаги сув сарфига мутаносиблиги ўрганилмаган.
Натижада ишчи гуруҳлар томонидан тегишли хулосалар асоссиз расмийлаштирилиб, Амударё туманида 36 қишлоқ хўжалиги корхонасига давлат бюджетидан жами 337,3 миллион сўм, Қўнғирот туманида эса 15 қишлоқ хўжалиги корхонасига амалда истеъмол қилинмаган электр энергияси учун 246,7 миллион сўм субсидия ажратилиб, бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган материаллар асосида Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА