Давлат бошқаруви соҳасида раҳбар кадрлар тайёрланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида йўлга қўйилган давлат бошқаруви тизимида фаолият юритаётган мутахассислар учун кечки ва масофавий шаклдаги икки йиллик магистратура дастурларига қабул қилинган тингловчилар учун ўқув йилининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар томонидан замонавий давлат бошқаруви тизими юқори малакали, стратегик фикрлайдиган ва ўз билим ҳамда компетенцияларини мунтазам равишда бойитиб борадиган кадрларни талаб этиши таъкидланди.

Қайд этилганидек, магистратура дастурлари замонавий давлат бошқаруви, стратегик режалаштириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инсон капиталини бошқариш ва раҳбарлик компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган.

Мазкур дастурлар давлат бошқаруви соҳасида таҳлилий фикрлайдиган, далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга, ўзгаришларни самарали бошқара оладиган ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш салоҳиятига эга раҳбар кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, тасдиқланган давлат буюртмаси доирасида ва тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил оладиган тингловчилар контингенти Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Академия, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда буюртмачи ташкилотлар ҳамкорлигида шакллантирилади.
Г.Бобоева,
ЎзА