Дастур мувафффақиятли якунланди
Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирокида Хитойнинг Тяньцзин касб-ҳунар ва техник коллежида ташкил этилган биринчи EPIP ўқитувчиларни тайёрлаш дастури муваффақиятли якунланди. Мазкур дастур Хитой ва Ўзбекистон ўртасида касб-ҳунар таълими соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, илғор таълим технологияларини жорий этиш ҳамда замонавий мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу ҳақда Гулистон давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Абдушоҳид Фозилов маълум қилди.
Жорий йилнинг 2–9 июнь кунлари бўлиб ўтган ўқув дастури Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзин саммитида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Унинг якуний маросимида Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси вакиллари, Бижиэ касб-ҳунар ва техник коллежи раҳбарияти, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари ҳамда таълим ва технология соҳасидаги қатор йирик компаниялар вакиллари иштирок этишди.


Тадбир аввалида ўқув дастури жараёнларини акс эттирувчи қисқа ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг амалий машғулотлардаги иштироки, ишлаб чиқариш корхоналарига ташрифлари ҳамда маданий алмашинув тадбирлари ёритилди.
Тяньцзин касб-ҳунар ва техник коллежи партия қўмитаси котиби Ли Юнмей дастур иштирокчиларини муваффақиятли якун билан табриклаб, таълим муассасасининг 60 йилдан ортиқ тарихга эга экани, касб-ҳунар таълими соҳасидаги илғор тажрибаси ҳамда саноат ва таълим интеграцияси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.


– EPIP дастури назарий билимлар, амалий кўникмалар ва маданий тажрибаларни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилди. Бу иштирокчиларнинг билим ва тажрибасини бойитиш, шунингдек, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди Гулистон давлат университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчиси Азиз Муйсиналиев ҳам иштирок этиб, дастурни юқори савияда ташкил этгани учун коллеж раҳбарияти ва мутахассисларига миннатдорлик билдирди. У таълим, илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик йил сайин кенгайиб бораётганини таъкидлади.


Дастур давомида иштирокчилар EPIP таълим модели асосида муҳандислик лойиҳаларида қатнашди, халқаро WorldSkills мусобақасининг қайта тикланувчи энергия йўналиши бўйича тажрибалар билан танишди ҳамда замонавий ўқитиш усулларини ўрганди.
– Мазкур тренинг университет профессор-ўқитувчилари учун муҳим тажриба мактаби бўлди. Бир ҳафталик ўқув жараёни давомида иштирокчилар янги энергия, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги илғор билимларни ўзлаштириш, EPIP моделининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш имконига эга бўлди, – деди Абдушоҳид Фозилов.
Томонлар келгусида ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, талабалар мобиллиги ҳамда инновацион таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири