Дастлабки терим: ҳосилнинг чўғи баланд
Фарғона вилоятида жорий йилда 82 минг гектардан зиёд майдонда ғўзанинг “С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” , “С-6524” навлари парваришланиб, мўл ҳосил етиштирилди.
Фарғона вилоятида жорий йилда 82 минг гектардан зиёд майдонда ғўзанинг “С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” , “С-6524” навлари парваришланиб, мўл ҳосил етиштирилди.
Айни кунларда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан ташкил қилиниб, 1 минг 520 терим отрядларида ишсиз ҳамда вақтинчалик банд бўлмаган 152 мингдан ортиқ аҳоли ихтиёрий пахта йиғиштириб олишда иштирок этмоқда.
9 та пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ҳам қисқа муддатда теримни якунлаш чораларини белгилаган бўлиб, теримчилар учун барча шароитлар яратилди. Улар билан пахта майдонининг ўзида кунлик ёки ҳар беш кунлик ҳисоб-китоб қилиниши дала меҳнаткашлари учун яратиб берилган қулайликлардан биридир. Бир килограмм қўлда терилган пахта учун 1 000 сўмдан меҳнат ҳақи тўланяпти.

Кундан кунга пахта тайёрлаш шартномасини уддалаётган фермер хўжаликлари сони кўпайиб бормоқда. Фарғона туманидаги «Миндон Мирзаҳамдам» фермер хўжалигида 19,5 гектар майдоннинг ҳар гектаридан 32 центнердан ҳосил териб олинди. Пахта қабул пунктларига етказиб берилган ҳосил салмоғи 65 тоннадан ошди. Ялпи ҳосил олий навларга сотилди. Фермер ҳосилдорлигини 45 центнерга етказишни мақсад қилган. Пахтачиликнинг ўзидан 600 миллион сўм даромад олинади.
Фурқат туманидаги “Рустамжон Саримсоқов” номли фермер хўжалиги пахтакорлари ҳар гектар ердан 40 центнердан ҳосил териб олишди. Қабул пунктларига етказиб берилган хирмон салмоғи 100 тоннадан ошди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, хўжалик пахтачиликнинг ўзидан 300 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олади.
– Далаларимизда ҳосил мўл, – дейди фермер Рустамжон Саримсоқов. – Бу гектарлар ҳосилдорлигини ошириш, меҳнатга яраша манфаат топиш имкониятини беради.