“Дашт” маҳалласи янги бинода иш бошлади
Фарғона вилояти Бағдод туманидаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 17 тасининг маъмурий биноси янгидан қурилмоқда. Ҳозирга қадар 7 та маҳалланинг янги бинолари фойдаланишга топширилди, 10 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
«Дашт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги замонавий қиёфа касб этган иншоот давлат-хусусий шериклик асосида маҳаллий тадбиркор Давронбек Мавлонов ташаббуси билан қурилди. Маҳалла идорасида барча шароитлар яратилган бўлиб, маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори, шунингдек янги жорий этилаётган ҳокимнинг маҳалла бўйича ёрдамчиси учун алоҳида хоналар ажратилган. Бинонинг иккинчи қаватида тадбиркор томонидан 30 та янги иш ўрни яратиладиган тикувчилик цехини ишга тушириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров маҳалла биносининг тантанали фойдаланишга топшириш тадбирида иштирок этди. Маҳалла аҳли билан суҳбатлашди, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш тадбирлари белгиланди.

Бу ерда ҳудудни ободонлаштириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 3 та янги трансформатор 40 та бетон таянчлар ўрнатилди. 2 та скважина қазилиб, 4 километр сув тармоғи тортилди. 3,5 километр ички йўллар асфальтланиб, 2 километр йўлга шағал ётқизилди.
«Дашт» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси кейинги йилларда томорқада иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратмоқда. Айни пайтда маҳаллада мингдан ортиқ хонадоннинг қарийб 600 тасидаги иссиқхонада лимон парваришланмоқда. Томорқа ерларида деҳқончилик қилиш ноқулай, суғориш тизимида муаммолар бўлишига қарамай, маҳалла аҳли лимондан катта ҳосил олишга эришмоқда.

–Ички ишлар соҳасида ишлаб, нафақага чиққанимдан сўнг томорқамизда иссиқхона ташкил этдим, – дейди шу маҳаллада яшовчи Ҳасанбой Эргашев. – Бир сотих майдонда тўла ҳосилга кирган лимондан йилига 1,5 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Шу йилнинг ўзида 3 сотих майдондаги лимондан деярли 70 миллион сўм даромад олдим. Маҳаллага ташриф буюрган вилоят ҳокими аҳолини қийнаб келаётган суғориш тизимини яхшилаш учун 4 та янги сув қудуғи қазиб берилишини таъкидлаб, бурғулаш харажатлари учун давлат томонидан субсидия ажратилишини маълум қилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат), ЎзА