Даромад ошса камбағаллик ҳам қисқаради
Тумандаги 10 минг 207 оиланинг яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди, 806 та камбағал оилалар борлиги маълум бўлди.
Навоий вилояти Конимех туманида аҳолининг камбағаллик даражасини қисқартириш, ишсиз оилаларни доимий даромад манбалари билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, айни йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атрофлича ўрганилмоқда. Жумладан, ушбу жараёнларда бир қанча тадбиркорлар ҳамроҳлигида “Темир дафтар”га киритилган хонадон эгалари билан суҳбатлар ўтказилди.
– Тумандаги 10 минг 207 оиланинг яшаш шароитлари ўрганиб чиқилди, 806 та камбағал оилалар борлиги маълум бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова. – Бу рақамлар аҳоли сонига нисбатан камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил қилаётганини кўрсатмоқда.
Мазкур жиҳатлар қатъий инобатга олинган ҳолда, туман сектор раҳбарлари томонидан аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли режа ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда туманда манзилли режага асосан жорий йилнинг якунига қадар жами 752 та ёки 93,3 фоиз камбағал оилаларни “Темир дафтар”дан чиқариш бўйича зарурий ишлар олиб борилмоқда.

Ҳудудда камбағал оилаларни доимий иш билан банд қилиб, “Темир дафтар”дан чиқаргунга қадар пандемия даврида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида сектор раҳбарлари бошчилигида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тадбиркор ва туман фаоллари хайрли ишларнинг бошида турибди.
Бугунги кунгача “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан тумандаги 974 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 780,5 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдамлари ҳамда кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари бепул етказиб берилган. Айниқса, 81 оилага 64,4 миллион сўмлик чорва, парранда, асалари уяси олиб берилган. 6 та оила учун 13,3 миллион сўм маблағ эвазига енгил конструкцияли иссиқхона қурилди. Шунингдек, 9 та оилага деҳқончилик юритиш учун ижарага ерлар ажратилган.
Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази маблағлари ҳисобидан 273 нафар камбағал ва ишсиз фуқаролар жамоатчилик асосида вақтинчалик ишга жойлаштирилган.
Дарҳақиқат, бугунги кунда “Темир дафтар”даги 752 оиланинг 72 таси тумандаги корхона ва ташкилотларга доимий ишга жойлаштирилган. Шу билан бирга, мазкур оилаларга тадбиркорлни йўлга қўйиши учун кредит маблағлари ажратилиб, асаларичилик фаолиятини ташкил қилиш, миллий ширинлик ишлаб чиқариш учун печлар, пайвандлаш ускуналари, тикув машиналари олиб беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, уюшқоқлик билан амалга оширилаётган бундай ишлар туман аҳолисини камбағалликдан чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.