"Coca-cola" компанияси нега тор доирада сотилмоқда?
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Фарғона вилоятида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида пресс-тур бўлиб ўтди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда хусусийлаштиришнинг жадаллашиб кетганлиги, айрим йирик корхоналар, хусусан, "Coca-cola" компаниясининг тор доирада сотилаётганлиги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
ЎзА мухбири мазкур агентликнинг ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодовга шу бўйича мурожаат қилди.
– Йирик активларнинг хусусийлаштириш жараёнлари бошқаларникидан тубдан фарқ қилади. Бунда ўз тарихида муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга оширган давлатлар тажрибалари ўрганиляпти. Жаҳонда муносиб ўринларни эгаллаган, топ 10 таликка кирувчи халқаро консультантлар жалб қилинган. Давлат мулки халқнинг мулки бўлганлиги учун бу жараёнда хато қилинишига ҳаққимиз йўқ. Албатта, блогерлар ва журналистларимизда саволлар кўп. Яна бир марта такрорлаб айтаман, йирик корхонани сотиш осон иш эмас. Унга алоҳида ёндашув керак бўлади, алоҳида ўрганилади. Албатта, жараён очиқ, шаффоф бўлади. Йирик корхоналарни хусусийлаштириш бўйича босқичма-босқич жамоатчиликни хабардор қилиб боряпмиз. Жумладан, келгуси ҳафтада журналистлар ва блогерлар иштирокида пресс-брифинг ташкил қилиб, хусусийлаштириш жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот берамиз.
М. Сулаймонов, ЎзА