Чустнинг серҳосил боғлари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятининг Чуст туманида азалдан шаклланган боғдорчилик анъаналари бугун замонавий агротехнологиялар, серҳосил навлар ва тадбиркорлик ёндашуви асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Туманнинг ўзига хос иқлими, серунум тупроғи ва меҳнаткаш аҳолиси боғдорчиликни ривожлантириш учун қулай имконият яратмоқда.
Айни пайтда туманда 6 минг 800 гектар боғ майдони мавжуд. Шундан 3 минг 752 гектари мевали боғлар, 2 минг 280 гектари эса узумзорлардан иборат.
Замонавий агротехнологияларни қўллаш, экспортбоп навларни кўпайтириш ва етиштирилаётган маҳсулот сифатини ошириш борасидаги ишлар самарасида жорий йилда Россия, Туркия ва Европа давлатларига 34 миллион АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
[gallery-31060]
Чустнинг ҳар бир маҳалласида муайян йўналиш бўйича ўзига хос тажриба ва аграр мактаб шаклланган. Хусусан, Тепақўрғон маҳалласида анорчилик, Ёрқишлоқда узумчилик, Ғовада картошкачилик, Резаксойда қулупнайчилик ривожланган. Туманда узум етиштириш бўйича ҳам кўп йиллик тажриба ва ўзига хос анъаналар мавжуд.
Туманнинг олис ҳудудларидан бири — Қорақўрғон маҳалласида ҳам боғдорчиликнинг янги йўналишлари ўзлаштирилмоқда. Бундан саккиз йил аввал маҳалланинг 300 гектардан ортиқ адир майдонларида суперинтенсив боғ барпо этиш ишлари бошланган.
Туркия Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа доирасида тоғолди иқлимига мос, серҳосил ва бозор талабига жавоб берадиган ёнғоқ навлари танланиб, 72 минг туп кўчат экилди. Бугун ушбу майдонларда барпо этилган ёнғоқзорлар ҳудуднинг янги аграр салоҳиятини намоён этмоқда.
Боғбонларнинг таъкидлашича, Туркиядан келтирилган ёнғоқ навлари серҳосиллиги, маҳсулот сифати ва бозор талабига мослиги билан ажралиб туради. Янги боғлар нафақат ички бозор учун сифатли маҳсулот етиштириш, балки экспорт ҳажмини ошириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Чустнинг серҳосил боғлари — бу ердаги табиий имконият, замонавий агротехнология ва деҳқон меҳнатининг уйғун самарасидир. Ҳар бир мавсумда мўл ҳосилга бурканиб бораётган боғлар туман қишлоқ хўжалигининг улкан салоҳиятидан далолат бермоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА