Чой – маданият ва тинчлик элчиси
Самарқанд халқаро технология университетида “Чой, Маданият, Тинчлик!” (“Enjoy Tea with SIUT”) шиори остида II халқаро чой фестивали ўтказилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясига кўра, 21 май – Халқаро чой куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан “Teo, Amo kaj la Mondo” (“Choy, Sevgi va Olam”) халқаро лойиҳаси, Тянзин фан ва технология университети, Хитой Халқ Республикасининг хорижий тиллардаги нашриёти, “Amir Tea Samarqand” корхонаси ва бошқа ташкилолар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хитойдан келтирилган чойнинг олий навлари намуналари, чой аксессуарлари, Самарқанд, Тянцзин ва Ханчжоу ҳақидаги китоблар, ранг-баранг фотосуратлар намойиш этилди.



– Бу йил иккинчи бор ташкил этилган тадбиримизда иштирокчилар Ўзбекистон, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон ва Японияда чой тайёрлаш жараёнлари ҳамда чой маросимлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. – Бу тадбирларни университетимизнинг хорижлик профессор-ўқитувчилари уюштирдилар. Масалан, камерунлик профессор Жимбо Ҳенрй Cлавер анъанавий япон чойи маросимини тақдим этди. Хитой энергетика институти жамоаси эса Самарқанддаги Конфуций институти билан ҳамкорликда Хитой чой маросимини, профессор Моҳаммед Гоусе Галетй Ҳиндистон чой маросимини ўтказди. Ўзбек чойи маросимини эса фестивалнинг доимий ҳамкори – “Amir Tea Samarqand” МЧЖ тақдим этди.



– Корейс халқида шундай гап бор – бир мамлакатнинг маданиятини билмоқчи бўлсанг, чойини билишинг керак, – дейди университет Корея маданияти маркази директори, профессор Ким Ин Тае. – Бошқа халқлар каби корейс халқи ҳам чой ичишни хуш кўради. Оила аъзоларим ва талабаларимиз билан корейс чойлари ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот бердик.
“Teo, Amo kaj la Mondo” халқаро лойиҳаси раҳбарияти чой ичиш маданияти ва тинчликни юксалтиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаевга “Чой – маданият ва тинчлик элчиси” фахрий унвонини берди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари