Чорвачилик учун янги имкониятлар
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Оҳангарон туманида жойлашган қатор йирик саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб журналистлар тумандаги кўп тармоқли “Рустам Агро” чорвачилик комплекси фаолияти билан танишди. Корхонада чорвачиликни замонавий технологиялар асосида ташкил этиш, наслдор моллар парвариши, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

– Ҳозир бу ерда 400 га яқин қорамол боқилмоқда, шундан бўрдоқига боқилаётган бўқалар ҳам бор, – дейди лойиҳа таъсисчиси Убайдулло Умматқулов. – Корхона йилига 100 тоннага яқин гўшт чиқаради. Шу билан бирга, сут маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Умумий ер майдони 472 гектарни ташкил этиб, шундан 54 гектари суғориладиган, 63 гектари лалми ва 355 гектари яйлов ҳисобланади. Шунингдек, бу ерда паррандачилик ҳам йўлга қўйилган бўлиб, Венгрия давлатидан 1 кунлик жўжалар олиб келинган. Улар тухум ва гўшт учун парваришланяпти. Ҳар куни товуқ гўшти маҳсулотлари пойтахтимиздаги савдо нуқталари, Тошкент вилояти ҳудудларига етказилмоқда.
Бу йил хўжаликда чорва учун 2200 тонна махсус озуқа тайёрланди. Унинг таркибида арпа, буғдой каби маҳсулотлар бор. Бунинг учун озуқабоп экинлар етиштиришга мўлжалланган ерлар бор. Ҳозир бу корхонада жами 100 нафар ишчи фаолият кўрсатмоқда.

Туманда бугунги кунда чорвачилик тармоқларида жами 336 та фермер хўжалиги ва корхона фаолият юритади. Улар томонидан қорамол, қўй-эчки, от, парранда, балиқ, асалари боқиш йўлга қўйилган. Ушбу чорвачилик корхоналарига 88 минг 703 гектар сувли, лалми ва яйлов ерлари ажратилган.
Пресс-тур давомида туманда 2026 йил учун режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, қорамолчилик йўналишида умумий қиймати 71,8 миллиард сўмлик 20 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 321 бош наслли қорамол олиб келиниши режалаштирилган. Шунингдек, қўйчилик соҳасида умумий қиймати 36,5 миллиард сўм бўлган 26 та лойиҳа доирасида Мўғулистондан 14 100 бош наслли “Баят” зотли қўй импорт қилиниши кўзда тутилган. Эчкичилик йўналишида эса умумий қиймати 5,5 миллиард сўмлик иккита лойиҳа амалга оширилиб, жами 1 минг 300 бош наслли эчки келтириш режалаштирилган. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳалар туманда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА