Чорвачилик соҳаси вакиллари учун тренинглар ўтказилди
Мамлакатимиз бўйлаб чорвачилик соҳаси вакилларининг профессионал малакасини оширишга қаратилган тизимли ўқув амалиётларининг давоми сифатида 11–13 июнь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида ҳудуднинг барча туманларидан келган фермерлар ва соҳа мутахассислари учун интенсив тренинглар ўтказилди.
Ушбу ташаббус Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) иштирокидаги “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади соҳа вакилларига замонавий назарий ва амалий билимларни етказиш орқали тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлашдир.
Машғулотлар давомида малакали экспертлар ва илмий ходимлар томонидан иштирокчиларга чорвачиликнинг энг муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, ўқув дастуридан Қорақалпоғистоннинг ўзига хос табиий-иқлим шароитида чорва молларини тўғри парваришлаш, гўшт ва сут йўналишидаги қорамолларни илмий асосланган ҳолда озиқлантириш, касалликлар профилактикаси ва ветеринария гигиена, соғишнинг замонавий усуллари ва сифат назорати, ҳайвонларга биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари каби долзарб мавзулар ўрин олди.
Мазкур ўқув курслари фақат назарий маърузалар билан чекланиб қолмай, балки амалий машғулотлар билан узвий боғланган ҳолда олиб борилди. Иштирокчилар олган билимларини бевосита амалиётда синаб кўриш ва мутахассислар назорати остида ўз кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди. Олинган кўникма ва янги билимлар эса келгусида янги технологияларни хўжаликларда муваффақиятли қўллашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири