Чортоқлик ота алимент пули ўрнига уй совға қилди
Наманган вилояти Чортоқ туманилик ота бир нафар фарзандининг 18 ёшга қадар бўлган давр учун тўланиши лозим бўлган алимент пули ўрнига икки хонали хонадон совға қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Чортоқ тумани бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига мувофиқ, қарздор ота Ғ. Б. дан ундирувчи фуқаро С. А. фойдасига бир нафар бола учун алимент ундириш белгиланган.
МИБ вилоят бошқармасига хабарига кўра, давлат ижрочиси томонидан қарздор билан ўтказилган тарғибот тадбири давомида “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга асосан вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш имконияти борлиги тушунтириб ўтилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари, шунингдек тушунтириш ишлари самара берди. Томонларнинг ўзаро келишувига биноан ота ўз фарзандининг 18 ёшга тўлгунга қадар белгиланган 60 миллион сўм алимент тўлови учун икки хонали, салкам 54 кв.м. майдонга эга бўлган уй-жойни турмуш ўртоғига нотариал тартибда расмийлаштириб берди.
Бунинг натижасида ижро ҳужжати “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасидан келиб чиққан ҳолда амалда тамомланди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бундан аввал ҳам МИБ Уйчи тумани бўлими давлат ижрочиси олиб борган тушунтиришлар натижасида фуқаро Х. С ўз фарзанди учун бир йўла фарзанди вояга етгунга қадар бўлган давр ҳисобидан 5,5 сотих ер майдони ва қурилган тўрт хона уйни олиб берган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА