Чортоқда 632 гектар майдон интенсив боғларга айлантирилади
Наманган вилоятида боғдорчиликни ривожлантириш, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва экспортбоп мева маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, эскирган боғларни янгилаш ва замонавий интенсив боғлар ташкил этиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 июндаги «Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш, боғдорчиликда замонавий технологияларни жорий этиш ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Чортоқ туманида жорий йилда 632 гектар майдонда замонавий интенсив мевали боғлар барпо этиш режалаштирилган. Бу орқали мева етиштириш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш кўзда тутилган.
Туманда боғдорчиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ер майдонларидан унумли фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, боғ қатор ораларига тўқсонбости экинлар экилиб, бир майдондан қўшимча ҳосил олиш имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Бундай ёндашув ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Айни пайтда тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган хўжаликларда етиштирилаётган сархил мевалар ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.
[gallery-32111]
Интенсив боғлар майдонининг кенгайиши келгусида ҳосилдорликни ошириш, боғдорчилик тармоғини янада ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун янги имкониятлар яратади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА