Чортоқ далаларида кузги ғалла экиш ишлари қизғин паллада
Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштириш, аввало, мавсумий агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этишга боғлиқ. Айниқса, кузги ғалла экинида уруғни мақбул муддатларда қадаш, ерни экишга пухта тайёрлаш ва агротехник талабларга риоя қилиш келгуси йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратади.
Наманган вилояти Чортоқ туманида ҳам 2027 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жорий мавсумда туман бўйича жами 1 минг 832 гектар майдонга ғалла экиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 66 гектари очиқ майдонлар, 766 гектари эса ғўза қатор ораларига тўғри келади.
Айни кунларда дала меҳнаткашлари мавсумни белгиланган муддатларда якунлаш мақсадида бор имкониятлардан самарали фойдаланмоқда. Очиқ майдонларда ерни экишга тайёрлаш, текислаш ва уруғ экишга ҳозирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, тайёр майдонларда ғалла экиш жараёни жадал давом этмоқда.
Мутахассислар таъкидлаганидек, кузги ғаллани ўз вақтида экиш уруғларнинг униб чиқиши, ўсимликларнинг қишки совуққача илдиз тизимини мустаҳкамлаши ва баҳорда бир текис ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис дала ишларида агротехник талабларга амал қилиш, уруғлик сифати ва ернинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратишга устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда.
[gallery-31900]
Чортоқлик фермерлар олдидаги асосий вазифа — экиш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариб, келгуси йилда мўл ва сифатли дон ҳосили етиштириш учун зарур замин яратишдан иборат.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА