Чорбоғкентда орзулар рўёбга чиқди
Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, фарзандлар камоли учун муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Айниқса, чекка қишлоқларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига замонавий таълим ва тиббиёт хизматларини яқинлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар бир ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Бу ўзгаришлар ортида инсон манфаати, оила фаровонлиги ва келажак эгалари бўлган болаларнинг бахтли ҳаёти мужассам.
Ана шундай хайрли ишлардан бири Бухоро вилояти Вобкент туманининг Чорбоғкент қишлоғида амалга оширилди. Бу ерда замонавий 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, мазкур таълим муассасаси қишлоқ аҳолисининг узоқ йиллик орзуси ва эҳтиёжига муносиб жавоб бўлди.
“Менинг боғчам” лойиҳаси доирасида 4 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига қурилган мазкур муассасада 120 нафар болажон замонавий, барча қулайликларга эга шароитларда таълим-тарбия олиб, мактабга пухта тайёрланмоқда. Кенг ва ёруғ хоналар, замонавий жиҳозлар, хавфсиз ўйин майдонлари ҳамда малакали педагоглар меҳнати болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Мазкур давлат мактабгача таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПҚ–454-сонли “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилгани ҳам давлатимиз томонидан ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.
Янги боғчанинг қадр-қиммати унинг муҳташам биноси ёки замонавий жиҳозларидагина эмас. Унинг энг катта аҳамияти минглаб ота-оналар қалбидаги ташвишларга барҳам берганидадир.
Чунки шу кунга қадар Чорбоғкент қишлоғида бирорта ҳам мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас эди. Шу боис ота-оналар фарзандларини қўшни Хажувон қишлоғи ёки Ромитан тумани билан чегарадош Шоҳнигор маҳалласидаги боғчаларга қатнатишга мажбур бўларди. Бунинг учун эса мамлакатимиздаги энг серқатнов йўллардан бири ҳисобланган “М-37” халқаро автомобил йўлини кесиб ўтишга тўғри келар, бу эса ҳар куни хавотир ва таҳлика билан яшашни англатарди. Айрим оилалар эса хавфсизлик нуқтаи назаридан фарзандларини умуман мактабгача таълимга юбора олмас эди.
Эндиликда эса бу муаммолар ўтмишда қолди. Болалар ўз қишлоғининг ўзида замонавий таълим муассасасида тарбия олиш имконига эга бўлди. Бу эса нафақат таълим қамровини кенгайтирди, балки фарзандларнинг эрта ёшдан сифатли таълим олишига, уларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланишига хизмат қилмоқда.

Янги боғчанинг очилиши ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этди. Бугун муассасада 30 нафар педагог ва тарбиячи меҳнат қилмоқда. Хизмат кўрсатувчи ходимлар билан биргаликда 30 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлиб, ўз оиласи даромадини барқарор таъминлаш имкониятини қўлга киритди. Айниқса, фарзандларини боғчага жойлаштирган оналар учун меҳнат бозорига қайтиш, тадбиркорлик ёки бошқа фаолият билан шуғулланиш имкониятлари янада кенгайди.
Бу ўзгаришлар бир қарашда оддий боғча қурилгандек туюлиши мумкин. Аслида эса бу — бутун бир қишлоқ ҳаётининг янги босқичга кўтарилганини англатади. Чунки ҳар бир қурилган боғча — келажакка қўйилган мустаҳкам сармоя, ҳар бир тарбияланган бола эса Янги Ўзбекистоннинг билимли, ватанпарвар ва рақобатбардош авлодидир.
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Чорбоғкент аҳлининг қувончи беқиёс. Бу замонавий боғча нафақат янги бино, балки юзлаб оилаларнинг орзуси ушалган, болаларнинг кулгуси янграётган, келажакка ишонч мустаҳкамланган масканга айланди.
Чорбоғкентда қад ростлаган ушбу давлат мактабгача таълим ташкилоти Янги Ўзбекистонда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун деган эзгу тамойилнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Президентимиз раҳбарлигида чекка ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини юксалтириш ва ҳар бир болага тенг имконият яратишга қаратилган ислоҳотлар бугун амалий натижасини бермоқда. Бугун боғча эшигидан қувонч билан кириб келаётган ҳар бир болажон эртанги тараққий этган Ўзбекистоннинг муносиб бунёдкори бўлиб камол топиши, шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири