Чўпонлар ҳаёти ҳақида фильм
Ўз ҳаётини чўпонлик касбига бахшида этган, меҳнат ортидан роҳатга эришган матонатли инсон тақдири ва кечинмалари ҳақида бадиий фильм яратилмоқда.
“Чўлиқ” кинокартинасида юртимизнинг гўзал ва бетакрор гўшалари, она табиатнинг бағридаги кўзга кўринарли ҳудудлар, кўркам тоғли манзаралар кўрсатилади.
Суратга олиш ишлари Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Денов, Олтинсой, Сариосиё туманлари, Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида бўлиб ўтади.

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр – Жамолиддин Рўзибоев, постановкачи оператор – Умид Маликов, рассом Ҳусейнбай Эшниязов, монтаж устаси – Дониёр Шокаримов, картина директори – Шоҳрух Неъматов.
–Фильмда чўпонлар ҳаёти орқали инсоний кечинмаларни, ўзаро меҳр-муҳаббат, ака-ука оқибатини кўрсатмоқчимиз, – деди фильм режиссёри Жамолиддин Рўзибоев. – Суратга олиш ишларини куз фаслида бошладик. Мен ижодий гуруҳ билан юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам ниҳоятда гўзал, кўркам масканлар борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Ушбу кинокартинада гўзал манзараларни кўрсатиш баробарида инсоний туйғуларни ҳаётимизда нақадар қимматли эканини кўрсатмоқчиман.

Фильмдаги асосий ролларни Карим Мирҳодиев, Тоҳир Саидов, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Фотима Режаметова, Фарҳод Худойбердиев ва бошқа актёрлар ижро этган.
Айни кунларда фильмнинг суратга олиш ишлари Навоий вилоятида бўлиб ўтмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА