Чизиқдан шаклгача кўргазмаси
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Азамат Хатамовнинг “Чизиқдан шаклгача” деб номланган шахсий кўргазмаси намойиш этилмоқда. Ундан “Ўзмиллийбанк” АЖ Тасвирий санъат галереяси тўпламида ва муаллифнинг ўзи томонидан туҳфа қилинган асарлар жой олган.
Азамат Хатамов 1952 йил 14 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида туғилган. Болалигидан санъатга қизиқиб, кейинчалик И.Е. Репин номидаги Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида таҳсил олган. 1981 йилда Ўзбекистонга қайтиб ижодий фаолиятини давом эттирган. Гипс, шамот ва бронзадан ҳайкаллар яратган. Ижодкорнинг асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий кўргазмалар дирекцияси, кўплаб галереялар ва дунё бўйлаб хусусий тўпламларда сақланади.

Кўргазма чизиқ ва шакл ўзаро алоқасини ўрганиш ғоясига асосланган бўлиб, унда пластика, ритм ва экспрессия уйғун тарзда намоён бўлади. Ҳайкалтарошлик ва графика санъатининг бирлашуви орқали материал, ҳаракат ва макон ўртасидаги кўп қиррали мулоқот акс эттирилган.

Хатамов санъатининг марказий мавзуларидан бири – аёл образи. Унинг асарларида аёл сиймоси нафис ва пластик чизгилар орқали тасвирланиб, меҳр-муҳаббат ва ҳурмат туйғуларини ифодалайди. Ҳар бир ҳайкалтарошлик асарида ўзига хос бир тилсимот яширинган кўринмас, аммо сезиларли, худди нозик мусиқий оҳанг сингари. Қўлнинг майин эгилиши ёки бошнинг енгил бурилиши барчаси ички сокинлик, ритм ва уйғунлик билан тўлдирилган.

Азамат Хатамов ижод билан бирга педагогик фаолият билан ҳам шуғулланади. У Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳайкалтарошлик кафедрасида талабаларга сабоқ беради. Санъат ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун у Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш ва олтин медали билан тақдирланган. Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги ҳисобланади.
Кўргазмада 24 та график ва 14 та ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати