“Чиқиндисиз дунё учун!” — оммавий плоггинг эко-акциясига старт берилди
Атроф-муҳитни асраш ҳар биримизнинг зиммамиздаги масъулият. Бугун табиатга қилган кичик яхшилигимиз эртага соғлом ва тоза келажакка замин яратади. Шу мақсадда юртимиз бўйлаб кенг қамровли экологик акция ташкил этилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан “World Zero-Waste day” муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида кенг жамоатчилик иштирокида “Чиқиндисиз дунё учун!” оммавий плоггинг эко-акциясига старт берилди.
“Бир Ватанда, бир мақсадда — халқаро чиқиндисиз дунё учун!” шиори остида ўтадиган ушбу тадбир мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади.
Хусусан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри — Паркент туманида, Сирдарё вилояти — Гулистон шаҳри “Буюк келажак” МФЙ ҳудудида, Жиззах вилояти — М-39 йўлининг Зомин туманига кетиш қисмида, Самарқанд вилояти — Самарқанд шаҳрида,
Навоий вилояти — Навбаҳор тумани, “Оқтепа” дам олиш масканида, Бухоро вилояти — Бухоро шаҳри, “Сомонийлар” истироҳат боғида,
Сурхондарё вилояти — Термиз шаҳри, Амусоҳил оромгоҳида,
Хоразм вилояти — Урганч шаҳри, Ёшлар боғида,
Қашқадарё вилояти — Қарши шаҳри, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида,
Андижон вилояти — Бобур шаҳри ҳудудида,
Наманган вилояти — Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, “Порлоқ” МФЙ Ёшлар боғида,
Фарғона вилояти — Фарғона шаҳри, “Саткак” дам олиш зиёратгоҳида,
Қорақалпоғистон Республикаси — Нукус шаҳри, Дўстлик канали атрофида оммавий плоггинглар бўлиб ўтади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА